Қорақалпоғистонда чорвачилик бўйича амалий тренинглар бўлиб ўтди

Чоп этилди 13.06.2026

11-13 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида мамлакат бўйича чорвачилик соҳаси вакилларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилди. Бугун, 13 июнь куни эса Хўжайли тумани, Саришунгил ОФЙдаги Данияр Гулбаниу фермер хўжалигида амалиётни ҳам ўз ичига олган охирги интенсив тренинг ўтказилди.

Тренингларнинг асосий мақсади — чорвачилик тармоғида фаолият юритаётган барча маҳаллий мутахассислар ва фермерларни замонавий билимлар, илғор технологиялар ҳамда самарали бошқарув усуллари билан таништиришдан иборат.

Бўлиб ўтган ўқув дастури давомида иштирокчиларга Қорақалпоғистоннинг ўзига хос табиий-иқлим шароитида чорва молларини парваришлаш, гўшт ва сут йўналишидаги қорамолларни илмий асосланган ҳолда озиқлантириш, касалликларнинг олдини олиш, ветеринария-гигиена талабларига риоя қилиш, замонавий соғиш технологияларини қўллаш ҳамда ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш каби муҳим йўналишлар бўйича билим ва кўникмалар берилди.

Тренинглар фақат назарий машғулотларнигина эмас, балки амалий дарсларни ҳам қамраб олганлиги иштирокчиларга олинган билимларни бевосита амалиётда синаб кўриш, тажрибали мутахассислар билан фикр алмашиш ҳамда ўз малакаларини мустаҳкамлаш имконини яратди.

Бундай ўқув курслари маҳаллий фермерларнинг рақобатбардошлигини ошириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда мамлакатда чорвачилик тармоғини барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.