Бугун чорвачиликни ривожлантириш нияти бор фермер учун маблағ, техника ва озуқа базаси масаласи муҳим. Мавжуд молиявий имкониятлар ҳақида етарли маълумотга эга бўлиш эса ишни тўғри режалаштиришга ёрдам беради. Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги лойиҳа доирасида водий ҳудудларида фермерлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Наманган ва Фарғонадаги семинарлардан сўнг навбатдаги тадбир 23 октябрь куни Андижонда ташкил этилди.
Учрашувда фермерларга чорвачиликни кенгайтириш, эски техникаларни янгилаш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган кредит ҳамда грантлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, гаров таъминоти, кредит маблағларини мақсадли сарфлаш ва лойиҳа талаблари тушунтирилди. Иштирокчилар мутахассислардан ўз хўжаликларига тааллуқли саволларга жавоб олди.

Қўрғонтепа тумани Чорвачиликни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Тўланбой Арманжон Маҳмудович лойиҳа шартларини тумандаги фермер ва тадбиркорларга ҳам етказишларини айтди.
«100 минг еврогача кредит ва 40 минг еврогача грант ажратилиши ҳақида маълумот берилди. Бу маблағларни чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш, гўшт–сут йўналишини кенгайтириш ҳамда эски техникаларни янгилашга сарфлаш мумкин. Талабларга жавоб берган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам лойиҳада иштирок этиши мумкин», – дея таъкидлади мутахассис.
Пахтаобод туманидаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги вакили Иқболжон Шоввозов семинарда кредит ажратиладиган йўналишлар билан танишганини таъкидлади.
«Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик, шунингдек, қуёш панеллари ва янги техникалар харидига оид лойиҳалар молиялаштирилиши мумкин. Кредит маблағларининг 40 фоизгача қисми грант сифатида қайтарилиши бўйича ҳам тушунтиришлар берилди. Айтиб ўтилган шартлар ва грантлар фермерлар учун қулай имконият деб ҳисоблайман», –деди Иқболжон Шоввозов.

Марҳамат туманидаги «Отақўзиевлар чорва даласи» фермер хўжалиги раҳбари Озодбек Отақўзиев эса техника хариди ва экологик талабларга мос лойиҳаларга берилаётган имкониятлар ҳақида гапирди.
«Чорвачилик ва паррандачилик учун зарур техникаларни кредит ҳисобидан харид қилиш мумкин. Лойиҳа белгиланган талабларга мос келса, кредит суммасининг 40 фоизигача грант сифатида қайтарилиши айтилди. Бу маблағлар хўжаликни кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни яхшилашга сарфланади», – деди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси.
Учрашув фермерларга лойиҳа шартлари, кредит ва грант олиш тартиби, шунингдек, маблағлардан фойдаланиш йўналишларини аниқ тушунишга ёрдам берди. Олинган маълумотлар асосида иштирокчилар чорвачилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича кейинги қадамларини белгилаб олди.