Навоийлик фермерлар учун ФТА имтиёзли кредитлари ва грантлари тақдимоти ўтказилди

Чоп этилди 08.10.2026

7 октябрь куни Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад вилоятдаги деҳқон ва фермер хўжаликлари, соҳага алоқадор ташкилотлар ҳамда тижорат банклари вакилларига Франция тараққиёт агентлиги томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар ва Европа Иттифоқининг қайтарилмайдиган грант маблағларини ажратиш шартларини батафсил тушунтириб беришдан иборат бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 январдаги ПҚ-84-сонли қарори асосида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа соҳа вакилларига ҳам имтиёзли кредит, ҳам қайтариш шарти бўлмаган грант маблағларини олиш имконини беради. Унга кўра, иккинчи кредит линияси доирасида 100 минг еврогача кредит олган тадбиркорлар харажатларининг 40 фоизигача қисми Европа Иттифоқи гранти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу маблағлар чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш соҳасига замонавий хорижий технологияларни жорий этиш учун мўлжалланган.

Фермерлар учун катта таянч

Навоий вилояти Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиcи Пўлат Дуйсенов бу борадаги тажрибани қуйидагича изоҳлади:

«Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа бугунги кунда вилоят фермерлари учун муҳим молиявий кўмак бўлмоқда. Лойиҳа доирасидаги маблағлар талабга асосан мунтазам ажратиб келинмоқда. Айниқса, иккинчи кредит линияси доирасида қўшимча грант маблағларининг тақдим этилиши тадбиркорларга яхши имконият яратди. Ўтган даврда вилоятимизда айнан балиқчилик тармоғи ва замонавий техникалар харид қилиш бўйича қатор лойиҳалар ана шу грантлар ҳисобидан муваффақиятли молиялаштирилди», – деди у.

Харажатларнинг 40 фоизи грант ҳисобидан қопланмоқда

Лойиҳа доирасидаги амалий натижаларни Кармана туманидаги «Маҳлиё Кармана гўзали» фермер хўжалиги тажрибасида ҳам кўриш мумкин. Йилига 100 тоннагача балиқ етиштирадиган хўжалик раҳбари Сайёра Шомуродова ўз тажрибаси билан ўртоқлашди:

«Илгари тижорат банкларидан юқори фоизли кредитлар олиб ишлаганмиз. Франция тараққиёт агентлиги линияси доирасида эса 1 миллиард 380 миллион сўм имтиёзли кредит расмийлаштирдик. Муҳими, лойиҳа харажатларининг 40 фоизи, яъни қарийб 550 миллион сўми грант сифатида қоплаб берилмоқда. Кўрсатилган молиявий кўмак ҳисобидан дарё бўйидаги уч гектар майдонда қисқа фурсат ичида янги балиқчилик ҳавзаларини барпо этиб, фаолиятимизни кенгайтирдик», — дея таъкидлади фермер.

Амалиётдаги муваффақиятли лойиҳалар

Вилоятларга ташриф давомида Франция тараққиёт агентлиги вакиллари лойиҳа доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан ишга туширилган қатор хўжаликлар фаолияти билан танишдилар.

Хусусан, Самарқанд вилоятидаги «Agro Gold Spring» наслчилик фермер хўжалигида амалга оширилган суб-лойиҳа кўздан кечирилди. Умумий майдони 425 гектардан зиёд бўлган мазкур йирик мажмуада 750 бошдан ортиқ наслли қорамол парваришланмоқда. Хўжаликда замонавий техникалар ва автоматлаштирилган тизимлар жорий этилиши натижасида йилига 2 260 тоннадан ортиқ сут, 38 тонна гўшт етиштирилмоқда ҳамда йилига 500 бошгача наслли бузоқ олинмоқда.

Шунингдек, мутахассислар Навоий вилоятида фаолият юритаётган қатор бошқа корхоналарда ҳам бўлдилар. Хусусан, балиқлар учун тўлиқ қийматли озуқа ишлаб чиқаришни йўлга қўйган «Дул-Дул» фермер хўжалиги, балиқ чавоқларини кўпайтириш ва ҳавза хўжалигини кенгайтирган «Турон Шўркўл» оилавий корхонаси ҳамда сутни замонавий усулда қайта ишлаётган «Янги аср» масъулияти чекланган жамиятида кредит маблағларининг амалий самарадорлиги билан ҳам танишдилар.