Чорвачиликни молиялаштириш бўйича ҳудудий брифинглар давом этмоқда

Чоп этилди 22.10.2026

Бугунги шиддат билан ўзгараётган давр ва технологик асрда чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва замонавий ускуналар сотиб олиш масаласи фермерлар учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шу мақсадда Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси бўйича ҳудудий семинарлар ўтказилмоқда. Учрашувларнинг бу галги манзили эса Наманган шаҳри бўлди.

22 октябрь куни Наманган шаҳридаги «Ақсикент» меҳмонхонасида ўтказилган брифингда 40 дан ортиқ фермер хўжалиги ва ташаббускор иштирок этди. Уларга 100 минг еврогача бўлган кредитлар, кредит суммасининг 40 фоизигача қайтарилмайдиган грант ажратилиши, кредитдан фойдаланиш йўналишлари ва лойиҳага қўйиладиган талаблар тушунтирилди. Xусусан, лойиҳа шартларига кўра, кредит суммасининг 30 фоизигача грант ажратилади, хотин-қизлар ва 24 ёшгача бўлган ёшлар учун эса грант миқдори 40 фоизгача етади.

Лойиҳа доирасида:

  • кичик хўжаликлар 100 минг еврогача кредит олиши мумкин;
  • инвестицион кредитлар йиллик 10 фоиз ставкада берилади;
  • кредит муддати 10 йилгача, имтиёзли давр эса 3 йилгача бўлади;
  • маблағлар чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, ем-хашак етиштириш ва маҳсулотларни қайта ишлашга йўналтирилади;
  • кредит мақсадли ишлатилгани текширилгандан кейин грант ажратилади.

Тўрақўрғон туманидаги «Karimjon+G» фермер хўжалиги раҳбари Дилфуза Ғаниева чорвачилик билан 27 йилдан бери шуғулланади. Унинг айтишича, лойиҳа маблағларини чорва молларини сақлаш ва кўпайтиришгагина эмас, озуқа базасини кенгайтиришга ҳам сарфлаш мумкин.

«Яна бир яхши томони кредит миллий валютада, 10 фоизлик ставкада, 10 йил муддатга ва уч йиллик имтиёзли давр билан берилар экан. Тўловларни ҳар олти ойда бир марта амалга ошириш мумкинлиги ҳам чорвачилик билан шуғулланувчиларга қулай», — деди у. Ғаниева аввал ҳам бошқа лойиҳа доирасида кредит маблағларидан фойдаланган, энди эса хўжалигини ривожлантириш мақсадида тақдим этилаётган ушбу имтиёзли кредит ва грантлардан фойдаланишни режалаштирмоқда.

Наманган вилояти Чорвачилик ва яйлов хўжаликларини ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳакимжон Алиевнинг айтишича, брифингда фермерлар кредит ва грант олиш шартлари бўйича ўзларини қизиқтирган маълумотларни олган. У лойиҳа имкониятларини вилоятдаги бошқа фермер хўжаликларига ҳам етказишларини билдирди.

«Бу лойиҳа вилоятимиздаги фермер хўжаликлари самарадорлигини ошириш ва чорвачиликни ривожлантириш учун катта имконият. Энди елкамизда брифингда олган маълумотларимизни вилоятдаги бошқа фермерларга ҳам етказиш вазифаси турибди», — деди у.

Семинарда гаров мулкини баҳолаш ва лойиҳа қийматининг 30 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан қоплаш масалалари ҳам кўтарилди. Мутахассислар тадбиркорнинг мавжуд бино-иншоотлари, техникаси ва бошқа активлари унинг улуши сифатида ҳисобга олиниши мумкинлигини тушунтирди.