8 октябрь куни Бухоро давлат техника университетида вилоят чорвадорлари, агробизнес вакиллари, тижорат банклари ҳамда Франция тараққиёт агентлиги экспертлари иштирокида амалий семинар бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда чорвачилик ва паррандачилик корхоналарини модернизация қилиш, соҳага «яшил» технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасининг иккинчи кредит линияси орқали 100 минг еврогача маблағ жалб қилган тадбиркорларга Европа Иттифоқининг 40 фоизлик беғараз гранти берилиши тартиби ва мезонлари батафсил тақдимот қилинди.
Семинар давомида мутахассислар иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб бериб, кредитни расмийлаштиришдан тортиб, қайтарилмайдиган грант маблағларини қўлга киритишгача бўлган барча босқичларни амалий мисоллар орқали тушунтириб ўтдилар. Ариза топшириш тартиби, банклар қўядиган талаблар ва лойиҳанинг соҳа мезонларига мослигини текшириш босқичлари муҳокамалар марказида бўлди.

ФТА кўмагида эришилган амалий натижалар
Давлат раҳбари раислигида шу йил 24 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириш ва бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Жондор туманидаги «Аржумандбону чорваси» паррандачилик кластерида бўлиб, корхона томонидан чўл массивидаги 62 гектар майдонда барпо этилган замонавий мажмуа ва унинг янги технологик линиялари фаолияти билан яқиндан танишганди.
«Янгиобод» массивида ишга туширилган замонавий мажмуада ҳозирги кунда 200 нафар ишчи-хизматчи доимий фаолият юритмоқда. Шунингдек, корхона таркибида соатига 2 мингта паррандани қайта ишлаш қувватига эга автоматлашган кушхона, инкубатор ҳамда соатига 10 тонна озуқа ишлаб чиқарувчи ем заводи бор.
Семинар доирасида Франция тараққиёт агентлиги вакиллари ҳам ушбу йирик кластерда бўлиб, амалга оширилган ишлар самарадорлигини ўргандилар. Мажмуа иш бошқарувчиси Анвар Тўқбоев ажратилган сармоя ва унинг натижалари ҳақида шундай деди:
«Корхонамиз йиллик 15 минг тонна парҳезбоп товуқ гўшти ишлаб чиқариш имкониятига эга. 2022 йилда Франция тараққиёт агентлиги томонидан 21 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Ушбу сармоя эвазига Голландиянинг «VDL Agrotech» компаниясининг энг сўнгги ускуналари олиб келиниб, 1,5 миллион дона парранда етиштириш имкониятига эга янги фабрикамиз тўлиқ жиҳозланди. Натижада маҳаллий аҳоли учун қўшимча 110 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, кооперация тизими орқали 100 та хонадонга 40 минг бош жўжа тарқатилди. Аҳоли томонидан 40 кун давомида парваришланган паррандани қайта сотиб олиш йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир хонадон бир мавсумда ўртача 5–6 миллион сўм қўшимча даромад олмоқда».

Келгусидаги стратегик режалар
Бугунги кунда кластер ўз фаолиятини янада кенгайтириш устида ишламоқда. Хусусан, 2027 йилгача импортга қарамликни камайтириш мақсадида она бройлер наслдор товуқларини олиб келиш ва кўпайтиришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш чиқиндиларидан балиқлар учун озуқа тайёрлаш заводини барпо этиш ҳамда гўшт маҳсулотларини қайта ишлайдиган замонавий колбаса цехини ишга тушириш кўзда тутилган. Корхона ушбу истиқболли лойиҳаларни ҳам Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширишни мақсад қилган.