Фарғоналик фермерлар ФТА ва Европа Иттифоқининг янги молиявий ресурслари билан таништирилди

Чоп этилди 22.10.2026

Қишлоқ хўжалигида фақат ер ва меҳнат билангина чекланиб бўлмайди, чорвачиликни ривожлантириш учун замонавий техника ва қулай молиялаштириш ҳам талаб этилади. Фарғонада 22 октябрь куни ўтказилган семинарда фермер ва тадбиркорларга ана шундай имкониятлар ҳақида сўз борди. «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган навбатдаги учрашувда лойиҳа ҳамкор банклари вакиллари ва вилоят фермерлари қатнашди.

Cеминар оддий маъруза эмас, балки фаол савол-жавоб ва мулоқот тарзида ташкил этилиб, унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга аниқ жавоб олдилар.

Учрашувда соҳа вакилларига имтиёзли кредит олиш, маблағларни мақсадли йўналтириш ва Европа Иттифоқи грантларидан фойдаланиш тартиби тушунтирилди. Лойиҳанинг биринчи кредит линияси орқали ўрта ва йирик хўжаликларга 1 миллион еврогача, иккинчи линия орқали эса кичик фермер ва тадбиркорларга 100 минг еврогача кредит ажратилиши таъкидланди.

100 минг еврогача кредит олган ҳамда белгиланган талабларга жавоб берувчи тадбиркорлар кредит суммасининг 30 фоизигача грант олиши мумкин. Қўшимча мезонларга мос келувчи айрим тоифалар, жумладан, xотин-қизлар ва 24 ёшгача бўлган ёш фермерлар учун грант миқдори 40 фоизгача, яъни 40 минг еврогача етади. Грант кредит ажратилган заҳоти берилмайди. Аввало, маблағларнинг белгиланган мақсадда сарфлангани тегишли ҳужжатлар асосида текширилади.

Фарғона вилояти Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Камолиддин Мўйдиновнинг айтишича, грант маблағлари экологик талабларга жавоб берадиган техника ва ускуналар хариди, янги чорвачилик биноларини барпо этиш, шунингдек, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик ва чорвачиликнинг бошқа йўналишларини ривожлантиришга йўналтирилиши мумкин.

«Семинарда Франция тараққиёт агентлиги томонидан ажратилаётган кредит линиялари, фермерлар учун яратилган имкониятлар ва грант маблағларидан фойдаланиш тартиби ҳақида маълумотлар берилди. Олинган бу маълумот ва кўрсатмалар келгусида янги лойиҳаларни бошлаш, шартномалар тузиш ҳамда ажратилаётган маблағларни мақсадли ва тўғри йўналтиришда муҳим асос бўлади, деб умид қиламан», — деди мутахассис.

Тадбирда иштирок этган Тошлоқ туманидаги «Тошлоқ Юсуф Амин» фермер хўжалиги раҳбари Худойберди Юсупов ҳам кредит ва грант шартлари фаолиятини кенгайтириш учун муҳим имконият эканини билдирди.

«Фермерлар учун 100 минг еврогача бўлган кредит линияси ҳақида батафсил маълумот олдик. Кредит 10 фоизлик ставкада, 10 йилгача муддатга ажратилар экан. Харажатларнинг 30-40 фоизигача қисми грант ҳисобидан қоплаб берилиши молиявий юкимизни анча енгиллаштиради. Фермер хўжалигимиз учун Хитойдан замонавий техника олиб келишни режалаштиряпмиз. Бу техникалар ишга туширилса, маҳсулот таннархи пасаяди ва аҳолига арзонроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш имконияти кенгаяди», — деди фермер.

Молиялаштириш Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки ва Ҳамкорбанк орқали амалга оширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 147 миллион евро бўлиб, шундан 100 миллион евроси Франция тараққиёт агентлиги маблағларига, 11,5 миллион евроси Европа Иттифоқи грантларига тўғри келади.