Сурхондарёда чорвачилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда

Чоп этилди 26.10.2026

Чорвачиликни ривожлантириш ва чорва маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш учун фермер хўжаликларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш муҳим. Шу мақсадда Ўзбекистонда халқаро молия институтлари иштирокида чорвачиликни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги ПҚ-84-сон қарорига мувофиқ, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокида «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси йўлга қўйилган. Лойиҳа доирасида 100 минг евро эквивалентидан ошмайдиган миқдорда кредит олган хўжалик субъектларига лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча грант маблағлари ажратилиши белгиланган. Бу маблағлар илғор хорижий технологияларни жорий этиш, хўжаликларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Бундай молиявий имкониятлардан ҳудудлардаги фермерларни хабардор қилиш ва лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида 26 октябрь куни Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида семинар ташкил этилди. Унда чорвачиликка ихтисослашган деҳқон ва фермер хўжаликлари, тегишли ташкилотлар ҳамда тижорат банклари масъул ходимлари иштирок этди.

Семинарда муҳокама қилинган имкониятлардан фойдаланишни режалаштираётган фермерлардан бири Термиз туманидаги «Янги ариқ чорваси» хўжалиги раҳбари Илҳом Чоршанбиевдир. Унинг айтишича, ажратилаётган имтиёзли кредит ҳисобидан хўжаликка 400 бош қўй олиб келиш режалаштирилган.

«Термиз туманида чорвам ва яйлов ерларим бор. Чорвачилик учун 10 йил муддатга, йиллик 10 фоиз ставкaдa, тўрт йиллик имтиёзли давр билан кредит берилаётгани катта имконият. Қарийб 1 миллиард сўм маблағ йўналтириб, Монголиядан зотдор қўй олиб келмоқчиман. Семинарда керакли маълумот ва тавсиялар олдим. Бундай учрашувлар чорвачилик билан шуғулланаётган фермерлар учун жуда фойдали. Улар кўпроқ ташкил этилишини истардим», деди у.

Фермернинг режаси вилоятда имтиёзли кредитлар ҳисобидан чорва молларини кўпайтиришга қаратилган бошқа ташаббуслар билан ҳамоҳанг. Сурхондарё вилояти Чорвачилик ва яйлов хўжаликларини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Шермат Мусурмонқуловнинг маълум қилишича, Термиз туманидаги яна бир фермер хўжалиги ҳам хориждан наслли қорамоллар олиб келиш учун лойиҳа тайёрлаган.

«Термиз туманидаги иккита фермер хўжалиги чорва молларини хориждан олиб келиш бўйича иш олиб бормоқда. Улардан бири Монголиядан 400 бош қўй, иккинчиси Германиядан 100 бош қорамол олиб келишни режалаштирган. Кредит бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, лойиҳаларни тайёрлаш якунланган. Ҳозир чорва молларини олиб келиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш ишлари олиб борилмоқда», деди мутахассис.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бундай лойиҳалар вилоятда чорвачиликни кенгайтириш ва аҳолини гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилашга қаратилган. Шу сабабли фермерларни мавжуд молиявий имкониятлар билан таништириш ва уларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ишлари давом эттирилади.