Урганч шаҳрида чорвачилик соҳаси вакиллари учун интенсив ўқув машғулотлари бошланди

Чоп этилди 08.06.2026

Урганч шаҳрида Хоразм вилоятининг барча туманларидан келган фермер ва тадбиркорлар учун чорвачилик йўналишидаги махсус ўқув семинар-тренинглари ўз ишини бошлади. Мазкур машғулотлар соҳада халқаро стандартларни жорий этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг профессионал малакасини оширишга қаратилган тизимли жараённинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар мамлакатимизнинг Жиззах, Сирдарё, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида мазкур ўқув курслари муваффақиятли ўтказилган бўлиб, эндиликда улар Хоразм вилоятида ташкил этилмоқда.

Ушбу ташаббус Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади – соҳага имтиёзли молиявий воситаларни жалб этиш билан бирга, фермерларга замонавий назарий ва амалий билимларни етказиш орқали тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминлашдир.

Машғулотлар давомида соҳа мутахассислари, малакали профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар томонидан иштирокчиларга чорвачиликнинг энг муҳим жиҳатлари юзасидан батафсил маълумот берилмоқда.

Хусусан, ўқув дастуридан қуйидаги долзарб мавзулар ўрин олган:

➖Гўшт ва сут йўналишидаги қорамолларни тўғри озиқлантириш;

➖Ҳайвонларни сақлаш ва парваришлаш қоидалари;

➖Касалликлар профилактикаси ва ветеринария гигиенаси;

➖Соғишнинг замонавий усуллари ва гигиена талабларига риоя қилиш;

➖Ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмалари.

Шу билан бирга, Хоразм вилоятининг ўзига хос табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, чорва молларини парваришлаш ва маҳсулдорлик даражасини тушириб юбормаслик усулларига алоҳида урғу берилмоқда. Ўқув дастури фақат назарий билимлар билан чекланиб қолмасдан, уларни амалиёт билан узвий боғлаш тамойили асосида ташкил этилган.