Бухоро вилоятида чорвачилик соҳаси бўйича ўқув курсларининг амалий машғулотлари ташкил этилди

Чоп этилди 06.06.2026

Бухоро вилоятининг Когон туманида жойлашган “BUKHARA GREEN VEGETABLES” МЧЖ ҳудудида 6 июнь куни маҳаллий фермерлар ва тадбиркорлар учун халқаро стандартлар асосида ташкил этилган чорвачилик бўйича ўқув курсларининг амалий машғулотлари ўтказилди.

Ўқув машғулотлари доирасида иштирокчиларга чорвачилик соҳасидаги замонавий ёндашувлар, самарали бошқарув усуллари ҳамда амалиётда қўлланилаётган илғор тажрибалар бўйича кенг қамровли маълумотлар тақдим этилди.

Жумладан, машғулотлар давомида Бухоро вилоятининг иқлим шароитида сут ва гўшт йўналишидаги қорамолларни тўғри озиқлантириш, уларни сақлаш ва парвариш қилиш қоидалари, касалликларнинг олдини олиш чоралари, ветеринария-санитария талабларига риоя этиш, соғиш технологиялари ҳамда ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий кўникмалар ўргатилди.

Шунингдек, ферма ҳудудида кўргазмали амалий машғулотлар ташкил қилиниб, қатнашчилар ўзларининг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.

Бундай ўқув курслари маҳаллий фермерлар ва тадбиркорларнинг касбий билим ҳамда кўникмаларини янада оширишга хизмат қилиб, чорвачилик тармоғида замонавий технология ва ёндашувларни кенг жорий этишга кўмаклашади.