Аввал хабар берилганидек, Сурхондарё вилоятида чорвачилик соҳаси вакиллари учун интенсив ўқув курслари бошланган эди. Машғулотларнинг якуний кунида иштирокчилар Термиз туманидаги «Чорвадор Янгиариқ» чорвачилик фермер хўжалигида тўпланиб, назарий билимларини бевосита амалиётда синаб кўрдилар.
Бу ерда фермерлар соҳа мутахассислари раҳбарлигида сут ва гўшт йўналишидаги қорамолларни тўғри озиқлантириш, ҳайвонларни сақлаш ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш қоидаларини яқиндан ўргандилар. Шунингдек, ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш, замонавий соғиш усуллари ҳамда гигиена талаблари, ҳайвонларга биринчи ёрдам ва шошилинч парвариш кўрсатиш бўйича кўникмалар реал иш жараёнида намойиш этилди.
«Олдинлари кўп жараёнларни фақат ўз тажрибамизга таяниб қилардик. Бугунги амалий дарслар эса хатоларимизни тушуниш ва ишимизни илмий асосда, замонавий тарзда юритиш учун катта имконият бўлди», – дея таъкидлашди машғулот иштирокчилари.
Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур ташаббуснинг асосий мақсади ҳудудларда чорвачиликни илмий ва замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, маҳсулот сифати ва маҳсулдорлигини ошириш, шунингдек, фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлашдан иборат.