Жиззах вилоятида Франция Тараққиёт Агентлиги (ФТА) кўмагидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида чорвачилик тармоғида фаолият юритувчи фермерлар ва мутахассислар учун қисқа муддатли махсус ўқув курсларининг биринчи босқичига старт берилди. Мазкур ташаббус Ўзбекистонда чорвачиликни модернизация қилиш ҳамда унинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Ўқув дастури ва стратегик ҳамкорлик
16 май куни Жиззах шаҳрида бошланган ушбу уч кунлик ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди. Дастур чорвачилик тармоғида фаолият юритувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислар ва амалиётчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Унинг асосий вазифаси чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш, сифатни яхшилаш ва хўжаликларнинг рентабеллигини кўтариш учун илғор технологиялар ва бошқарув усулларини жорий этишдир.
Лойиҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, ташкил этилаётган курслар чорвачиликнинг келгуси ривожи учун муҳим пойдевор яратади, фермерларимизнинг салоҳиятини ошириб, соҳага инновациялар олиб киради.
Қамраб олинган асосий йўналишлар ва амалий машғулотлар
Ўқув жараёнини профессорлар Ў. Соатов ва Ш. Абдурасулов, катта илмий ходимлар/фан докторлари Б. Аллашов, Ж. Исаев ҳамда А. Мўминов олиб бормоқда. Машғулотларда назарий билимлар билан бир қаторда чорвачиликнинг қуйидаги долзарб йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган назарий ва амалий билимлар тақдим этилмоқда:
• Чорва молларини тўғри озиқлантириш ва парваришлаш усуллари.
• Ветеринария хизматларини ташкил этиш, касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ҳамда соғиш гигиенасига риоя қилиш.
• Фавқулодда ҳолатларда чорва молларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари.
• Озуқа базасини самарали ташкил этиш ва фермер хўжаликларида тўғри бошқарув тизимини йўлга қўйиш.
Машғулотларнинг дастлабки кунларида чорвачилик соҳасидаги долзарб муаммолар интерактив тарзда муҳокама қилинди. 18 майгача назарий машғулотлар давом эттирилади. 19 май куни эса курсларнинг энг муҳим қисми фермер хўжаликларидан бирида амалий машғулотлар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унда замонавий парвариш, касалликларни ташхислаш, даволаш ва хўжаликни самарали бошқариш усуллари реал шароитларда намойиш этилади.
Курс иштирокчиларидан бири ўз таассуротлари билан ўртоқлаша туриб шундай деди: «Ушбу ўқув курслари бизга чорвачиликда учрайдиган муаммоларни ҳал этишда янгича ёндашувларни ўргатмоқда. Айниқса, касалликлар профилактикаси бўйича олган билимларимиз жуда фойдали бўлди ва уларни амалиётда қўллашга шошиляпмиз».
Лойиҳанинг аҳамияти ва кутилаётган натижалар
Франция Тараққиёт Агентлиги (ФТА) ушбу ва шу каби лойиҳалар орқали Ўзбекистонда чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш ва мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишда давом этади. Жиззах вилоятида бошланган ушбу ўқув курслари чорвачиликнинг келгуси ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.