Ўзбекистон БАА чорвачилик маҳсулотлари бозорига чиқиш имкониятини қўлга киритди. Томонлар инкубация тухумлари, бир кунлик жўжалар, парранда ва қуён гўштини БААга экспорт қилишга имкон берувчи ветеринария сертификатини расман тасдиқладилар.
ЎзА хабарига кўра, келишув жараёни бир неча босқичда амалга оширилди. Ўзбекистон ва БАА ветеринария назорати тизими, биохавфсизлик чоралари, эпизоотик ҳолат, шунингдек, лаборатория имкониятлари ва экспорт назорати бўйича ўзаро маълумот алмашдилар.
Келишувнинг муҳим босқичларидан бири 2025-йилнинг ноябр ойида БАА делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бўлди. Ташриф давомида томонлар ветеринария тизими фаолияти билан танишдилар, парранда ва чорвачилик корхоналарини бориб кўрдилар, шунингдек, сертификатлаштириш ҳамда лаборатория назорати жараёнларини ўргандилар.
Ўтказилган текширувлар натижасида Ўзбекистоннинг ветеринария тизими халқаро талаблар ва БАА стандартларига тўлиқ мос деб топилди. Ветеринария сертификатларининг расман тасдиқланиши чорвачилик маҳсулотларини Бирлашган Араб Амирликлари бозорига экспорт қилиш учун ҳуқуқий ва амалий асос яратди.
Мазкур келишув маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.