Фарғона вилоятида фермер хўжаликлари мутахассислари учун ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курслари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур курс Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан амалга оширилмоқда.

Курслар давомида иштирокчиларга чорвани озиқлантириш, парваришлаш, ҳайвонларни сақлаш ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш бўйича назарий билимлар тақдим этилади. Машғулотлар тажрибали мутахассислар томонидан интерактив шаклда олиб борилмоқда.
Курс иштирокчилари берилган билимларни амалий жиҳатдан муҳим деб баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, самарали озуқа ва тўғри парвариш бўйича олинган маълумотлар чорва маҳсулдорлигини оширишга ёрдам беради.

Ўқув курслари 3 кун: 30 апрелдан 2 майгача давом этади. Курслар давомида ҳайвонлар саломатлиги, касалликларнинг олдини олиш, соғиш усуллари ва гигиенаси ҳамда биринчи ёрдам мавзуларида назарий ва амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур ташаббус фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, соҳада самарадорликни кучайтириш ҳамда замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган.
Бизни тармоқларда кузатиб боринг.