Чорвачилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш мақсадида Наманган вилоятида истиқболли лойиҳага старт берилди. Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамкорлигида фермер хўжаликлари мутахассислари учун қисқа муддатли ўқув курсларининг биринчи босқичи бошланди. Мазкур ташаббуснинг бош мақсади — соҳага халқаро бошқарув стандартларини жорий этиш ва маҳаллий кадрлар малакасини оширишдир.

Малакали экспертлар, инновацион билимлар — муваффақият омили
Ўқув жараёнининг бош мезони сифатида Қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар тизими (АКИС) танлаб олинган бўлиб, у чорвани озиқлантириш, соғиш гигиенаси ва биринчи ветеринар ёрдам кўрсатиш каби энг долзарб йўналишларни қамраб олади. Машғулотларни соҳанинг тажрибали мутахассислари — ветеринария фанлари доктори Ш. Абдурасулов, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Ў. Соатов, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Б. Аллашов, ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори Ж. Исаев ҳамда доцент А. Амировлар олиб бормоқдалар. Тингловчиларга махсус тайёрланган ўқув материаллари тўплами тақдим этилди, уларнинг ўзлаштириш даражаси эса ўқув боши ва якунида ўтказиладиган тест синовлари орқали баҳолаб борилади. Профессор Ў. Соатов мазкур курсларнинг мақсади ҳақида тўхталар экан, шундай деди: «Ушбу ўқув жараёни фермерларга нафақат назарияни, балки кундалик иш жараёнида учрайдиган мураккаб муаммоларнинг аниқ амалий ечимларини тақдим этади. Энг муҳими, иштирокчилар ўз хўжаликларида самарадорликни оширишга хизмат қиладиган ёндашувларни ўрганмоқда».
Амалий машғулотлар ва тажриба алмашинуви
Ўқув машғулотлари уч кунлик форматда ташкил этилиб, дастлабки икки кунлик назарий билимлардан сўнг иштирокчилар бевосита фермер хўжаликлари базасида амалий кўникмаларни ўзлаштирмоқдалар. Машғулотлар давомида иштирокчилар экспертлардан сабоқ олиш баробарида ўз хўжаликларидаги иш самарадорлигини таҳлил қилиш имконига ҳам эга бўлмоқдалар. Масалан, «Мадумаров К» фермер хўжалиги раҳбари Камолиддин Мадумаровнинг фикрича, айниқса озиқлантириш ва касалликлар профилактикаси бўйича берилган янги тавсиялар уларнинг хўжалиги учун айни керакли маълумот бўлган.

Хотин-қизлар фаоллиги ва биохавфсизлик масалалари
Мазкур лойиҳа доирасида соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир гуруҳ иштирокчиларининг камида 40 фоизини аёллар ташкил этиши қишлоқ жойларда уларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга кўмаклашади. «Каримжон +» фермер хўжалиги раҳбари Дилфуза Ғаниеванинг қайд этишича, айни пайтда долзарб бўлган оқсил каби касалликларга қарши биохавфсизлик чораларини тўғри ташкил этиш бўйича олинган билимлар чорва молларини асраб қолиш ва иқтисодий йўқотишларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Наманган вилоятидан бошланган ушбу хайрли ташаббус келгусида мамлакатимизнинг яна тўққизта вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида босқичма-босқич давом эттирилиши режалаштирилган.