Hamkorbank ва ФТА ҳамкорлиги: иқлимга мос лойиҳалар чорвачилик учун янги стандарт сифатида

Чоп этилди 20.04.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги ПҚ-84-сонли қарорига мувофиқ, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Франция Тараққиёт Агентлиги (ФТА) иштирокида “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш”  лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур ташаббус кредит линиялари, кафолатлар ва инвестиция субсидиялари орқали мамлакатимиз чорвачилик тармоғини иқлим ўзгаришларига мослаштириш ҳамда барқарор ривожлантиришни мақсад қилган. Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари ва якуний маблағ олувчиларга соҳавий билимларни ошириш учун техник кўмак ҳам кўрсатилади.

Ҳамкорликнинг диққат марказида фермерлар ва уларнинг хўжаликлари туради. Бу ерда имтиёзли молиялаштириш имконияти чорвачиликда маҳсулдорликни ва экологик тозаликни оширувчи замонавий технологиялар билан уйғунлашган. Яъни, тадбиркор нафақат маблағ, балки соҳани янги босқичга олиб чиқувчи ечимларга ҳам эга бўлади.

Лойиҳа доирасида “Hamkorbank” АТБ асосий молиявий ҳамкор ва кредит линияси оператори сифатида иштирок этмоқда. Банк молиявий ресурсларни қарз олувчиларга етказиш, инвестиция лойиҳаларини баҳолаш ва мижозларни барча босқичларда қўллаб-қувватлаш вазифасини ўз зиммасига олган. Бунда асосий урғу чорвачиликда ресурсларни тежайдиган ва атроф-муҳит учун зарарсиз бўлган “яшил” ечимларни молиялаштиришга қаратилган.

Шу тариқа, “Hamkorbank” ва ФТА ҳамкорлиги иқлимий ечимларни молиялаштиришнинг янги моделини шакллантирмоқда. Бу эса соҳани модернизация қилиш, унинг иқлим ўзгаришларига бардошлилигини ошириш ҳамда мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Аграр кредитлашда янги ёндашув

“Hamkorbank” чорвачиликни молиялаштиришга соҳада тизимли ўзгаришлар воситаси сифатида ёндашади. Устувор йўналишда маҳсулдорликни оширадиган ва шу билан бирга табиий ресурсларга бўлган юкламани камайтирадиган лойиҳалар туради: улар сув ва ем-хашакни тежайди, чиқиндиларни минималлаштиради ва бошқарувнинг замонавий технологияларини жорий этади. Томчилатиб суғориш ва энергия тежовчи ускуналар ҳозирданоқ фермер хўжаликлари даромадини оширишда ўз самарасини бермоқда.

Балиқчилик ва қуёнчилик каби тармоқлар алоҳида стратегик йўналиш сифатида белгилаб олинган. Бу соҳалар анъанавий чорвачиликка қараганда камроқ ер ва сув талаб қилиши, харажатларини тезроқ оқлаши ҳамда экологияга зарари минимал эканлиги билан ажралиб туради. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш аграр секторни диверсификация қилишга ва экологик хавф-хатарларни камайтиришга хизмат қилади.

Экологик филтр: лойиҳалар қандай саралаб олинади?

Лойиҳанинг экологик хусусиятлари аниқ мезонлар асосида баҳоланади. Буларга энергия самарадорлиги, айланма сув таъминоти тизимлари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш, масалан, гўнгдан биогаз ишлаб чиқариш каби жиҳатлар киради. Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига риоя этиш ва биологик хилма-хилликка зарар етказмаслик ҳам шарт қилиб қўйилган. Лойиҳани молиялаштириш фақат экологик экспертизанинг ижобий хулосаси олингандан сўнг амалга оширилади.

Лойиҳаларнинг маҳаллий экотизимларга таъсирига алоҳида урғу берилади. Хусусан, балиқчилик соҳасида сув олиш ҳажми, филтрлаш сифати ва ер ости сувларига таъсири чуқур таҳлил қилинади. Сув ресурсларидан самарасиз фойдаланувчи лойиҳалар молиявий кўмакка лойиқ деб топилмайди.

Ўқитиш, кўмаклашиш, натижа

“Hamkorbank” мижозларга нафақат молия, балки экспертиза жиҳатидан ҳам ҳамроҳлик қилади. Банк мутахассислари фермерларга мос технологияларни танлаш, экологик ҳисоботларни тайёрлаш ва бизнесни халқаро талабларга мослаштиришда кўмаклашади. Мунтазам ўтказилаётган семинар ва ўқув дастурлари эса мижозларнинг иқлимий лойиҳалар борасидаги билимларини бойитишга хизмат қилмоқда.

Натижалар узоқ куттирмади: қуёш панеллари ёки томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатган фермерлар энергия ва сув харажатларини 30–40 фоизга тежашга эришди. Бу эса, ўз навбатида, даромаднинг бевосита ўсишини таъминлади.

Параллел равишда тузилмавий ўзгаришлар ҳам амалга оширилмоқда. “Hamkorbank” бош офисининг Кредитлаш ва ESG департаментида иқлимий молиялаштириш бўйича иккита янги координатор лавозими жорий этилди. Уларнинг асосий вазифаси банк портфелида экологик лойиҳалар улушини кўпайтириш ҳамда барча босқичларда мижозларга амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Муаммолар ва истиқбол режалар

Фермерларнинг хабардорлик даражаси етарли эмаслиги асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Кўпчилик қайси лойиҳалар иқлимий тоифага киришини ва бу қандай имтиёзлар беришини ҳали тўлиқ тушуниб етмаган. Шу боис, тушунтириш ишларини кенгайтириш ва консалтинг хизматларини кўрсатиш банк учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Келгуси 3–5 йил ичида иқлимий ечимлар аграр молиялаштиришнинг ажралмас ва стандарт қисмига айланади. Технологиялар арзонлашади, фермерлар учун шарт-шароитлар яхшиланади, хўжаликларда эса рақамли мониторинг тизимлари кенг жорий этилади. Буларнинг барчаси чорвачиликни барқарор ривожлантириш ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Манба: «Hamkorbank» АТБ