28 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Республика агрохизматлар маркази (AKIS)да Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси бўйича семинар ўтказилди. Семинарда иштирокчиларга кредит олиш тартиби, молиялаштириш шартлари, грант ажратиш мезонлари ҳамда маблағларни қайси мақсадларга йўналтириш мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда чорвачилик билан шуғулланувчи фермер ва тадбиркорлар учун йирик молиявий дастур ишга туширилмоқда. Унга кўра, кичик хўжаликлар 100 минг еврогача, йирик ва ўрта бизнес субъектлари эса 1 млн еврогача кредит олиши мумкин. Энг катта имтиёз эса талабларга жавоб берадиган иқлимга мос лойиҳаларда кредитнинг 40 фоизигача бўлган қисми Европа Иттифоқи гранти ҳисобидан қопланиши мумкин.
Лойиҳа грант координатори Жўрабек Нарқуловнинг маълум қилишича, молиялаштириш икки йўналишда амалга оширилади. Йирик ва ўрта хўжаликлар учун 1 млн еврогача, кичик фермер ва тадбиркорлар учун эса 100 минг еврогача кредит олиш имконияти яратилган.
«Кредит маблағлари замонавий ускуналар харид қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, ем-хашак етиштириш ҳамда маҳсулотни қайта ишлашга йўналтирилиши мумкин», — деди Жўрабек Нарқулов.
Йирик ва ўрта хўжаликларга мўлжалланган биринчи кредит линияси умумий ҳисобда 65,9 млн еврони ташкил этади. Ушбу йўналишда битта лойиҳа учун 1 млн еврогача кредит ажратилиши мумкин. Инвестицион кредитлар 10 йилгача муддатга берилади ва улар бўйича 3 йилгача имтиёзли давр кўзда тутилган. Айланма маблағ учун кредитлар эса 18 ойгача муддатга, 9 ойгача имтиёзли давр билан ажратилади.
Шу билан бирга, тадбиркор лойиҳанинг умумий қийматининг камида 30 фоизини ўз маблағи ҳисобидан молиялаштириши талаб этилади.
Кичик фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа эгалари, оилавий корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, кооперативлар ҳамда қайта ишловчи субъектлар учун эса алоҳида кредит линияси ташкил этилган. Бу йўналиш бўйича 100 минг еврогача кредит олиш мумкин.
Мазкур кредит линияси учун камида 24 млн евро ажратилиши режалаштирилган. Европа Иттифоқи эса грант дастурлари учун 7,7 млн евро йўналтиради. Энг муҳим жиҳати, талабларга жавоб берадиган ва иқлим ўзгаришига мослашиш ёки атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларда кредитнинг 40 фоизигача бўлган қисми грант маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.
Бироқ грант тадбиркорга тўғридан-тўғри ёки кредит олиниши билан бир вақтда берилмайди. Уни олиш учун қатор талабларга риоя қилиш зарур. Хусусан, тадбиркорнинг муддати ўтган кредит қарздорлиги бўлмаслиги, кредит маблағлари белгиланган мақсадда сарфланиши ва амалга оширилган харидлар тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак.
Айрим ҳолатларда грант ажратилмайди. Масалан, кредит маблағи тўлиқ айланма маблағ сифатида ишлатилса, лойиҳа иқлимга мослик талабларига жавоб бермаса ёки маблағ майда ва йирик шохли чорва молларини сотиб олишга йўналтирилса, грантдан фойдаланиш имконияти бўлмайди.
Лойиҳа чорвачиликнинг бир нечта йўналишини қамраб олади. Жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик соҳаларидаги тадбиркорлик лойиҳалари кредит маблағларига даъвогар бўлиши мумкин.
Шунингдек, кредитлар ем-хашак базасини мустаҳкамлаш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, замонавий ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилиш, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишларга ҳам ажратилади.
Қорамол импортини молиялаштириш учун алоҳида 13,5 млн еврогача маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу имкониятдан 50 бошдан ортиқ қорамолга эга фермер хўжаликлари фойдаланиши мумкин.
Маъқулланган лойиҳалар Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки ва Ҳамкорбанк орқали молиялаштирилади.
Маълумотларга кўра, 2022–2026 йилларга мўлжалланган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасининг умумий қиймати 147 млн еврони ташкил этади. Шундан 100 млн евро Франция тараққиёт агентлиги маблағлари, 11,5 млн евро эса Европа Иттифоқи грантлари ҳисобига тўғри келади.
Мутахассислар фикрича, ушбу молиявий механизмлар фермерларнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш, қайта ишлаш занжирини кенгайтириш ва чорвачилик соҳасида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Айниқса, кредитнинг бир қисмини грант ҳисобидан қоплаш механизми кичик хўжаликлар учун инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда қўшимча рағбат бўлиши кутилмоқда.