Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик соҳаларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда тармоққа замонавий технологияларни жорий этиш бўйича тақдимот билан танишгани ҳақида хабар берилган эди.
Тақдимотда соҳани ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар қаторида Чорвадорлар ассоциациясини ташкил этиш режаси ҳам ўрин олган эди. Янги тузилма чорвадорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, кооперацияни ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиши кўзда тутилган.
Шунингдек, фермерлар ва аҳоли учун Smart Fermer ягона рақамли платформаси ишга туширилади. Мобил илова орқали чорва молларини идентификация қилиш, ветеринар мутахассисини чақириш, сунъий уруғлантириш, озиқлантириш ва яйловларни бошқариш бўйича тавсиялар олиш, субсидиялар учун мурожаат юбориш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш мумкин бўлади.
Мазкур ташаббуслар чорвачилик тармоғини рақамлаштириш, фермерлар учун хизматларни соддалаштириш ва соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган. Бу йўналиш Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасининг асосий мақсадлари билан ҳам уйғун ҳисобланади.
Манба: Repost.uz.