Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олиш тартиби амалиётга жорий этилди

Чоп этилди 10.08.2026

Янги Қонунга мувофиқ, мамлакатда чорва ва уй ҳайвонларини идентификация қилиш ҳамда уларни ягона давлат электрон базасида рўйхатга олиш мажбурий тартиб сифатида белгиланди.

Қўйилган талабларга кўра, ҳайвон эгалари ўз жониворларини қуйидаги белгиланган муддатларда рўйхатдан ўтказишлари шарт:

–  Қорамоллар, қўйлар, эчкилар ва туялар – туғилганидан сўнг 14 кун ичида;

–  Чўчқалар – 30 кунгача;

–  Ит ва мушуклар – 3 ойгача;

–   Отлар – 4 ойгача.

Рўйхатга олиш жараёни ҳайвон эгасининг мурожаати асосида амалга оширилади. Мурожаат келиб тушгач, масъул орган вакили 5 иш куни ичида бевосита хонадонга етиб келиб, ҳайвонни идентификация қилади, суратга олади ва давлат ҳисобига қўяди. Аҳоли ва чорвадорларга енгиллик яратиш мақсадида идентификация қилиш тартиби 2028 йилгача бепул амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, мазкур тизим назорат ёки жарима солиш учун эмас, балки энг аввало аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Идентификация орқали чорва молларининг аниқ ҳисоби юритилиб, сибир язваси (куйдирги), қутуриш, бруцеллёз ва эхинококкоз каби хавфли инфекциялар тарқалишининг олди олинади ҳамда бозорлардаги гўшт ва сут маҳсулотларининг қаердан келиб чиққани кафолатланади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш ва кузатиб бориш тизимининг йўлга қўйилиши Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасининг асосий вазифаларидан биридир. Лойиҳа доирасида соҳада кузатув механизмларини ривожлантириш, ветеринария хизматларини халқаро стандартлар даражасига етказиш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Манба: podrobno.uz