Наманганда чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш ва янги молиявий воситалардан фойдаланиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди

Чоп этилди 14.07.2026

Жорий йилнинг 14 июль куни Наманган шаҳрида чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган фермер ва тадбиркорлар учун муҳим ўқув-амалий машғулотлари ташкил этилди. Тадбир Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ҳамкорлигидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида ҳаётга татбиқ этилди.

Семинарнинг бош мақсади маҳаллий чорвачилик йўналишида фаолият олиб бораётган фермерларнинг молиявий хабардорлигини ошиириш ҳамда уларга имтиёзли кредит ва грант маблағларини тўғри йўналтириш йўлларини ўргатишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида ҳамкор банклар ва лойиҳани амалга ошириш гуруҳи мутахассислари кредит олиш учун қўйиладиган замонавий талаблар ва аризаларни тўлдиришнинг ўзига хос жиҳатларини батафсил тушунтириб бердилар. Иштирокчилар реал мисоллар ёрдамида лойиҳаларни танлаб олиш мезонлари билан танишиб, ҳужжатларни расмийлаштиришда тез-тез йўл қўйиладиган одатий хатоликлар ва уларни бартараф этиш усулларини ўргандилар.

Тажриба алмашиш сессиясида эса лойиҳа доирасида аллақачон молиявий кўмак олишга муваффақ бўлган фермерларнинг тажрибалари тақдим этилди. Иштирокчилар маблағларни жалб қилиш, юзага келган тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда эришилган иқтисодий самарадорлик хусусида қизғин фикр алмашдилар.

Учрашувнинг иккинчи қисмида фермерлар гуруҳларга бўлинган ҳолда бевосита амалий машғулотларга киришдилар. Улар экспертлар кўмагида шахсий лойиҳаларининг дастлабки молиявий ҳисоб-китоблари ва концепцияларини ишлаб чиқдилар. Тайёрланган бизнес тақдимотлар банк вакиллари томонидан экспертлик назари билан баҳоланиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Семинарда берилган амалий йўналишлар келгусида наманганлик фермерларнинг ўз хўжаликларини модернизация қилишига ва янги грантларни муваффақиятли қўлга киритишига туртки бўлади.