Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик инсониятни озиқ-овқат билан таъминловчи муҳим тармоқлардан ҳисобланади. Шу билан бирга, улар табиий ресурслардан фойдаланиш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнлар таъсирида атроф-муҳитга муайян босим ўтказади ҳамда иқлим ўзгаришининг оқибатларини ҳис қилаётган соҳалар сирасига киради. Ушбу мувозанатни сақлаш мақсадида Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) аграр секторни барқарор ва атроф-муҳитга безарар тармоққа айлантиришни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган.
Иссиқхона газлари, сув ва ер ресурслари муҳофазасига оид масалалар
ФТА ўз лойиҳаларида бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган энг муҳим экологик масалаларни бартараф этишга эътибор қаратади. Биринчи навбатда, чорвачиликда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга урғу берилади. Чунки замонавий яшил усуллар жорий этилмаса, маҳсулот ҳажми ортиши билан чиқиндилар миқдори ҳам кўпаяверади. Шу билан бирга, Агентлик чучук сув ресурсларини асраш ва тупроқ унумдорлигини сақлашни мақсад қилган. Бунга қўшимча равишда, энергияни оқилона сарфлаш, биохилма-хилликни асраш ва табиий бойликлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ташкилотнинг диққат марказида туради.
Бу экологик масалалар нега Ўзбекистон учун устувор аҳамиятга эга?
Мазкур экологик чақириқлар Ўзбекистон учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Сабаби, мамлакатда 1950 йиллардан бери ўртача ҳарорат глобал кўрсаткичдан икки баравар тезроқ кўтарилмоқда, ҳудуднинг 80 фоизини эса яйлов ва чўллар ташкил этади. Сув ресурсларининг камайиши ва тупроқ деградацияси чорвачилик ҳамда бутун агросектор маҳсулдорлигига муайян таъсир кўрсатмоқда. Айнан шу сабабли ФТА Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш дастурини амалга оширмоқда.
Яшил ислоҳотлар ва келажак учун комплекс ечимлар
Агентлик томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва техник ёрдам сув ресурсларини оқилона бошқариш, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш ҳамда атроф-муҳитга безарар технологияларни жорий этишга йўналтирилган. Бунинг натижасида ресурсларни тежайдиган ҳамда атмосферага зарарли газлар чиқаришни камайтирадиган янги иқтисодий модель шаклланади. Бундай тизимли ёндашув Ўзбекистон чорвадорлари ва фермерларига сув ҳамда ер ресурсларини авайлаб-асраган ҳолда, иқлим ўзгаришига мослашган ва даромадли хўжалик юритиш имконини беради.
Манба: Франция тараққиёт агентлигининг (AFD) расмий маълумотлари.