Навоий шаҳрида вилоятнинг барча туманларидан келган фермер ва тадбиркорлар учун чорвачилик йўналишидаги уч кунлик махсус семинар-тренинглар ўз ишини муваффақиятли якунлади. Жорий йилнинг 1 июнидан старт олган ушбу машғулотлар соҳада халқаро стандартларни жорий этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг профессионал малакасини оширишга қаратилган тизимли жараённинг муҳим қисми бўлди.
Ташаббус Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» дастури доирасида амалга оширилмоқда. Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда ҳаётга тадбиқ этилаётган ушбу кенг қамровли лойиҳа чорвачилик соҳасига илғор халқаро тажрибаларни олиб кириш ва фермерларнинг профессионал кўникмаларини тизимли равишда ошириб боришга хизмат қилмоқда.
Уч кун давом этган машғулотлар давомида соҳа мутахассислари, малакали профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар иштирокчиларга чорвачиликнинг энг муҳим жиҳатлари юзасидан батафсил маълумот бердилар. Хусусан, гўшт ва сут йўналишидаги қорамолларни илмий асосланган ҳолда озиқлантириш, ветеринария гигиенаси талабларига риоя қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда соғиш жараёнларида замонавий технологияларни қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўқув дастури фақат назарий билимлар билан чекланиб қолмади, аксинча, уларни амалиёт билан узвий боғлашга алоҳида эътибор қаратилди. Семинарнинг энг муҳим қисмларидан бири иштирокчиларнинг Кармана туманида жойлашган “Шаҳноза” фермер хўжалигига амалий ташрифи бўлди. Ташриф давомида фермерлар замонавий технология ва ускуналарнинг иш жараёнини яқиндан кузатишди. Соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиб, семинарда ўзлаштирилган назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.