Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 20–22 май кунлари Қашқадарё вилоятида чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган фермерлар учун интенсив ўқув курслари ташкил этилган эди. Мазкур тадбирнинг назарий қисми муваффақиятли якунланиб, асосий эътибор билимларни бевосита иш жараёнида қўллашга, яъни амалий босқичга қаратилди. Навбатдаги ўқув машғулотлари Қарши туманидаги «SARDOR SH» чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги базасида ўтказилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги лойиҳа доирасида ўтказилаётган ушбу амалий дарслар соҳага халқаро стандартларни жорий этишни кўзда тутади. Иштирокчилар фермер хўжалиги шароитида қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини тўғри парваришлаш ва меъёр асосида озиқлантириш усулларини яқиндан ўргандилар. Сут ва гўшт йўналишидаги қорамолларнинг рационини тўғри шакллантириш ҳамда маҳсулдорликни ошириш масалалари мутахассислар томонидан атрофлича тушунтириб берилди.

Машғулотлар давомида соғиш жараёнларини самарали ташкил этиш ва соғиш гигиенасига амал қилиш бўйича кўникмалар намойиш этилди. Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мутахассислари ветеринария ва биохавфсизлик чораларини амалиётда қўллаш тартиби билан танишдилар. Ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилишда касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика ишларини тўғри йўлга қўйиш тадбирнинг муҳим мавзуларидан бирига айланди.
Фермерлар кутилмаган вазиятларда ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш ва шошилинч парваришлаш усулларини амалда синаб кўрдилар. Тажрибали олимлар ва соҳа мутахассислари томонидан берилган тавсиялар хўжаликларда иш унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Назария ва амалиётнинг бундай уйғунлиги иштирокчиларга ўз фаолиятларида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш имконини беради.