Қашқадарёда чорвачилик соҳасини ривожлантириш йўлида муҳим қадам: фермерлар учун махсус ўқув курслари бошланди

Чоп этилди 20.05.2026

Республика бўйлаб чорвачилик соҳасидаги билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган тизимли ташаббуснинг навбатдаги босқичи Қашқадарёда давом этмоқда. Олдинроқ Жиззах, Сирдарё ва Наманган, Фарғона вилоятларида муваффақиятли ташкил этилган мазкур ўқув курслари бугун Қарши шаҳрида ўз ишини бошлади. Қашқадарё вилоятининг чорвачилик салоҳиятини янада ошириш ва фермер хўжаликларининг самарадорлигини яхшилаш мақсадида ўтказилаётган интенсив семинарлар 2026 йилнинг 20 майидан 22 майига қадар давом этиши режалаштирилган.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу ҳамкорлик мамлакатимиз чорвачилик тармоғига халқаро стандартларни жорий этиш, замонавий билим ва технологияларни ўзлаштиришга кенг имкониятлар яратмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади – чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркор ва фермерларни молиявий қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш.

Назария ва амалиёт уйғунлиги

Ўқув курслари дастури иштирокчилари учун чорвачиликнинг энг муҳим йўналишларини қамраб олган. Фермерлар чорва молларини тўғри озиқлантириш меъёрлари ва усуллари, парваришлаш сирлари, замонавий ветеринария хизматларидан фойдаланиш, соғиш гигиенасига риоя қилиш ҳамда ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича чуқур назарий ва амалий билимларга эга бўладилар. Машғулотларининг аҳамиятини изоҳлар экан, иштирокчилардан бири шундай деди: «Чорвачилик соҳасидаги замонавий билимларимизнинг етарли эмаслиги доим катта тўсиқларимиздан бири бўлиб келган. Биз айнан шу тўсиқни бартараф этиш ва билганларимизни бойитиш учун келдик. Ишончим комилки, бу ерда олган билимларимиз келгусида бизга жуда асқатади ва хўжалигимизда маҳсулдорликни оширишга ёрдам беради».

Соҳанинг етук мутахассислари тажрибаси

Семинарларни чорвачилик ва ветеринария соҳасининг тажрибали мутахассислари, профессор-ўқитувчилари олиб бормоқда. Хусусан, профессорлар Ў. Соатов ва Ш. Абдурасулов, шунингдек, катта илмий ходимлар / фан докторлари Б. Аллашов, Ж. Исаев ҳамда А. Мўминов ўзларининг бой билим ва тажрибаларини иштирокчилар билан бўлишмоқда. Уларнинг раҳбарлигида ўтказилаётган машғулотлар фермерлар учун нафақат билим манбаи, балки соҳадаги долзарб муаммоларга ечим топишда амалий кўрсатмалар беришга ҳам хизмат қилмоқда.

Амалий машғулотлар – муваффақият гарови

Ўқув курсларининг якуний, энг муҳим босқичи 22 май куни бўлиб ўтади. Ушбу куни иштирокчилар учун вилоятдаги илғор фермер хўжаликларидан бирида амалий машғулотлар ташкил этилади. Бунда фермерлар назарий билимларини реал шароитда қўллаб кўриш, замонавий чорвачилик усулларини амалда ўрганиш ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўладилар.