Сирдарёда чорвачилик соҳаси мутахассислари учун малака ошириш ўқувлари бошланди

Чоп этилди 14.05.2026

2026 йил 13 май куни Гулистон шаҳрида чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тармоқ мутахассислари учун махсус малака ошириш курсларига старт берилди.


Мазкур ташаббус Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ўқув дастурининг асосий йўналишлари
Машғулотлар соҳадаги замонавий тенденциялар ва фермерларнинг амалий эҳтиёжларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган. Иштирокчилар қуйидаги йўналишларда билим ва кўникмаларини оширмоқдалар:
➖ Сут ва гўшт йўналишидаги чорва молларини озиқлантириш ва ем-озиқа билан таъминлаш;
➖ Чорва молларини сақлаш ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш;
➖ Чорва моллари саломатлиги ва касалликларнинг олдини олиш;
➖ Соғиш усуллари ва гигиенаси;
➖ Чорва молларига биринчи шошилинч ёрдам кўрсатиш.

Экспертлар таркиби
Ўқув жараёнига мамлакатимизнинг тажрибали олими ва мутахассислари — профессор Ў.Р. Соатов, доцент Ш.А. Абдурасулов, катта илмий ходим Б. Аллашов, ветеринар экспертлар Ж.М. Исаев ҳамда А. Мўминовлар жалб этилган.

Амалий мулоқот майдони
Семинарнинг биринчи куни қизғин муҳокамалар билан бошланди. Иштирокчилар нафақат назарий маълумотлар олдилар, балки ўз хўжаликларида дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича экспертлар билан маслаҳатлашдилар.

Ўқув курслари уч кун давом этади. Дастурнинг якуний босқичида фермер хўжаликларидан бирида амалий семинар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда замонавий технологияларнинг ишлаш жараёни бевосита намойиш этилади.