Шу йилнинг 9 апрель куни Франция Сенатининг Валери Бойер хоним бошчилигидаги делегацияси Ўзбекистонга ташрифи доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида жойлашган, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «QONIRATBAY MEXRI» фермер хўжалигида бўлди.
«QONIRATBAY MEXRI» фермер хўжалиги Нукус туманидаги «Кердер» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритади ва бугунги кунда минтақанинг энг илғор аграр корхоналаридан бири ҳисобланади. Хўжаликда чорвачилик соҳасидаги замонавий технологиялар кенг жорий этилган бўлиб, юқори сифатли сут ва сут маҳсулотлари тайёрлаш тизимли равишда йўлга қўйилган.
Ушбу истиқболли лойиҳа Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» дастури доирасида амалга оширилди. Лойиҳа учун зарур кредит маблағлари АТ «Халқ банки» нинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан ажратилган.
Лойиҳанинг муваффақиятли ишга туширилиши натижасида қуйидаги муҳим кўрсаткичларга эришилди:
Ҳозирги вақтда 0,4 гектар майдонда иш юритаётган мазкур хўжалик истиқболда ўз фаолият қамровини сезиларли даражада кенгайтиришни мақсад қилган. Хусусан, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қўшимча 0,8 гектар майдонда янги тармоқларни ишга тушириш режалаштирилган. Шу билан бирга, корхона Франция тараққиёт агентлигининг имтиёзли кредитлари ҳамда Европа Иттифоқининг грант маблағларини жалб этиш имкониятларини изчил ўрганмоқда.
Франция Сенати делегациясининг ташрифи давомида меҳмонларга лойиҳанинг амалий натижалари: ишлаб чиқариш жараёнларини замонавийлаштириш, логистика тизимини такомиллаштириш ва маҳсулот сифатини юқори босқичга олиб чиқиш борасидаги ислоҳотлар таништирилди.
Ушбу мулоқот Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиш билан бирга, халқаро молиявий институтлар кўмагида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳаётий ва маҳсулдор эканини намойиш этди.
Бугунги кунда «QONIRATBAY MEXRI» фермер хўжалиги хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ва халқаро шериклик уйғунлигида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг ўзига хос намунасига айланмоқда.