Франция элчиси Фарғонадаги интенсив балиқчилик хўжалиги фаолияти билан танишди

Чоп этилди 03.04.2026

Жорий йилнинг 31 март куни Фарғона шаҳридаги “Сой бўйи” маҳалласига Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Валид Фук бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Ташриф давомида “Status Soft” оилавий корхонаси фаолияти яқиндан ўрганилди. Ушбу жараёнда корхона раҳбари Феруза Сиддиқова бошчилигидаги жамоанинг инновацион технологияларни татбиқ этиб, юқори технологик балиқчилик хўжалигини шакллантириш борасидаги ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро ҳамкорлик ва банк кўмаги — лойиҳа пойдевори

Франция делегацияси аъзолари томонидан юқори баҳоланган ушбу лойиҳанинг муваффақиятли иш бошлашида Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) билан ҳамкорлик муҳим омил бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-84-сонли қарори ижроси доирасида, “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси кредит линияси маблағлари ҳисобидан АТБ “Микрокредитбанк” томонидан ажратилган 1 миллиард 50 миллион сўмлик имтиёзли кредит “Status Soft” корхонасини тўлиқ замонавийлаштириш имконини берди. Ушбу маблағлар эвазига замонавий технологиялар асосида ишлайдиган интенсив балиқ етиштириш ускуналари ва маҳсулот сифатини бенуқсон сақловчи замонавий музлатгич тизимлари ўрнатилди.

Кичик майдондаги юқори самарадорлик

Хўжалик фаолиятини ўрганиш жараёнида интенсив усулнинг афзалликлари аниқ мисолларда кўринди. Ҳозирда атиги 2 сотих майдонда жойлашган сунъий ҳовузларда 5 000 бош форель балиғи парваришланмоқда. Тадбиркорнинг таъкидлашича, келгуси сентябрь ойида биринчи ҳосил йиғиштириб олинади ва бозорга қарийб 450 миллион сўмлик маҳсулот чиқарилади. Эътиборлиси, бу кичик тармоқ нафақат оилага даромад келтирмоқда, балки икки нафар маҳаллий аҳолини доимий иш билан таъминлаган.

Истиқболдаги режалар: фаолият 10 баробарга кенгаяди

Корхона фаолияти билан танишиш давомида келгуси режалар ҳам муҳокама қилинди. Тадбиркор эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, балиқ етиштириш ҳажмини оширишни мақсад гкилган. Лойиҳанинг кейинги босқичида балиқчилик майдонини амалдаги 2 сотихдан 20 сотихга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун яна Франция тараққиёт агентлиги ва Европа Иттифоқининг грант ҳамда кредит маблағларини жалб қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Ташриф якунлари ва стратегик шериклик

Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий алоқалар нафақат йирик саноат лойиҳаларида, балки кичик ва ўрта бизнес даражасида ҳам янги босқичга чиқаётганини англатади. Амалга оширилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, инновацион технологиялар ва халқаро молиявий кўмакни тўғри йўлга қўйган “Status Soft” оилавий корхонаси бугунги кунда Фарғонада замонавий ҳамда даромадли балиқчиликни ривожлантиришда намунавий етакчига айланиб улгурган. Бу каби мулоқотлар икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлашга, ҳудудларда юқори технологик иш ўринларини яратишга хизмат қилади.