Чорвачиликда “яшил” иқтисодиётга ўтиш: ФТА талаблари ва тамойиллари

Чорвачиликни барқарор ривожлантириш моделларига ўтишда халқаро молия институтларининг кўмаги катта аҳамиятга эга. Бу борада Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) етакчи ўрин тутади. Агентлик нафақат истиқболли лойиҳаларни молиялаштиради, балки уларни ҳаётга татбиқ этишда қатъий экологик ва ижтимоий мезонларни ҳам белгилаб беради. Мазкур талаблар табиатга етказиладиган зарарни камайтириш, хўжаликлар барқарорлигини кучайтириш ҳамда киритилаётган сармояларнинг узоқ муддатли унумдорлигини таъминлашга хизмат қилади.

ФТА томонидан қўйиладиган асосий талаблар:

Агентликнинг чорвачилик лойиҳалари бўйича устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

1.  лойиҳаларни амалга оширишда экологик ва ижтимоий меъёрларга қатъий риоя қилиш;

2. атмосферага чиқариладиган иссиқхона газларини жиловлаш ва иқлим ўзгаришларига мос ечимларни жорий этиш;

3.  яйловлар ва озуқа захираларини тизимли ҳамда оқилона бошқариш;

4.  чиқинди ва гўнгни қайта ишлашнинг самарали усулларини (компост, биогаз) йўлга қўйиш;

5.  МRV тизими асосида экологик кўрсаткичлар ҳисобини юритиш ва доимий мониторинг қилиб бориш;

6.  маҳаллий аҳоли ҳамда кичик фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

7.  бошқарувда шаффофликни таъминлаш ва лойиҳаларнинг узоқ муддатли барқарорлигига эришиш.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим муҳофазаси

ФТА қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга оширишда экологик меъёрлар ва ижтимоий хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини устувор вазифа деб билади. Бунда сув ресурсларини асраш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда биохилма-хилликка етиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Иссиқхона газлари ажралишини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгариши шароитларига чидамли ечимларни қўллаш орқали барча лойиҳалар Париж битими мақсадларига мувофиқлаштирилади.

Чорвачиликнинг табиатга салбий таъсирини камайтиришда яйловларни тизимли бошқариш, озуқа етиштиришнинг барқарор усулларини йўлга қўйиш ва ерларнинг инқирозга учрашидан (деградациядан) сақлаш муҳим ўрин тутади.

Ресурсларни оқилона бошқариш ва натижалар мониторинги

Лойиҳаларда чиқиндиларни, хусусан, гўнгни қайта ишлаш орқали биогаз ва сифатли ўғит олиш технологияларига алоҳида урғу берилади. Бундай ёндашув атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш билан бирга, хўжаликлар учун қўшимча энергия ва даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Лойиҳалар доирасида MRV (мониторинг, ҳисобот ва текшириш) тизимини жорий этиш мажбурийдир. Ушбу тизим сувнинг тежалиши, яйловларнинг тикланиши ва ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларнинг камайиши каби реал натижаларни аниқ баҳолаш имконини беради. Бу эса жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаб, “яшил” молия ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Ижтимоий масъулият ва барқарор бошқарув

ФТА учун маҳаллий аҳоли ва кичик фермерларни қўллаб-қувватлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш устувор аҳамиятга эга. Лойиҳалар очиқ-ойдинлик тамойили асосида амалга оширилиши, барча манфаатдор томонларнинг фикрини инобатга олиши ва соҳанинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаши лозим. Бундай ёндашув самарасиз сармоялар хавфини камайтиради ва қишлоқ ҳудудлари тараққиётига ижобий туртки беради.

ФТА томонидан илгари сурилаётган талаб ва тамойиллар чорвачиликни “яшил” иқтисодиётга ўтказишнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Уларга риоя қилиш табиатни асраш билан бирга, хўжаликларнинг иқтисодий қувватини ошириш ва ижтимоий масъулиятли ривожланишга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, халқаро ҳамкорлик учун йўл очиб, тараққиётнинг янги истиқболларини яратади.