Чорвачиликка инвестиция: Хоразм фермерларига кредит ва грант ажратиш тартиби тушунтирилди

Чоп этилди 05.11.2026

Кредит маблағларининг бир қисмини грант ҳисобига қоплаш мумкинми? Қандай хўжаликлар бундай имкониятдан фойдалана олади? 5 ноябрь куни Урганч шаҳридаги «Khorezm Palace» меҳмонхонасида Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси бўйича тақдимот ўтказилди. Унда Хоразм вилоятидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, тегишли ташкилотлар ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчиларидан бири – Хива туманидаги «Баҳодир Расулов» фермер хўжалиги раҳбари Камол Баҳодир семинарда берилган маълумотлар келгуси режаларини белгилашда қўл келишини таъкидлади. Фермер балиқчилик хўжалигини кенгайтириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва уни қайта ишлаш йўналишларини ҳам ривожлантиришни режалаштирмоқда.

«Бугунги семинарда фермерлар учун яратилган имкониятлар билан танишдик. Шахсан ўзим учун ушбу семинар балиқчиликни келгуси йилларда ривожлантириш йўлида катта қадам бўлади деб ўйлайман. Олинган маълумотлардан кейин режаларимизни янада кенгайтирдик. Келгуси йилларда балиқчилик хўжалигимизни ривожлантириш учун 400 минг доллар миқдорида кредит жалб қилишни режалаштиряпмиз. Бу маблағ ҳисобидан кўпроқ балиқ етиштириб, халқимизга тирик ҳолда етказиб бериш, шунингдек, қайта ишлашни йўлга қўйиш ниятимиз бор», – деди фермер.

Тадбир давомида иштирокчиларга лойиҳа доирасида 100 минг еврогача имтиёзли кредит ажратиш тартиби, унинг шартлари ва маблағ йўналтирилиши мумкин бўлган соҳалар ҳақида маълумот берилди. Савол-жавоб жараёнида кредит олиш талаблари, шунингдек, унга қўшимча равишда грант маблағларини жалб қилиш имкониятлари ҳам тушунтирилди.

Семинарда қатнашган «El Omon» фермер хўжалиги раҳбари Паҳлавон Маҳмудов ҳам тақдим этилган маълумотлар уни қизиқтирганини айтди. Фермер келгусида лойиҳада иштирок этиб, кредит ва грант имкониятларидан фойдаланиш ниятида.

«Бизга чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, улар учун яратилган имтиёзлар ва ажратиладиган грантлар ҳақида фойдали маълумотлар берилди. Келгусида ўзимиз ҳам бу дастурда қатнашиб, грант маблағларини олишга ҳаракат қиламиз. Бу имкониятлар чорвачиликни ривожлантириш, аҳолига гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб беришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз учун муҳим», – деди Паҳлавон Маҳмудов.

Чорвачиликни ривожлантириш учун фермерларга молиявий кўмак билан бирга, янги имкониятлар ва инвестиция механизмлари ҳам зарур. Семинарда тақдим этилган имтиёзли кредитлар ва грантлар фермер хўжаликларига мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва соҳани ривожлантириш учун қўшимча туртки бўлиши мумкин.