Нукусда фермерларга имтиёзли кредитлар, иқлимга мос инвестициялар ва грант механизмлари тақдим этилди

Чоп этилди 04.11.2026

Чорвачилик хўжалигини кенгайтириш учун фақат чорва моллари эмас, балки озуқа базаси, техника, бинолар ва маҳсулотни қайта ишлашга ҳам маблағ керак. Шу эҳтиёжларни молиялаштириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳа 4 ноябрь куни Нукус шаҳридаги Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси биносида ҳудудда фаолият юритаётган деҳқон ва фермер хўжаликлари вакилларига тақдим этилди.

Тадбирда лойиҳа мутахассиси унинг Қорақалпоғистондаги натижалари ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, бугунги кунга қадар ҳудудда лойиҳа доирасида 20 дан ортиқ ташаббус амалга оширилган бўлиб, улар учун жами 2 миллион 560 минг евро маблағ ўзлаштирилган. Лойиҳалар озуқа ишлаб чиқариш, сутни қайта ишлаш, наслдор чорва молларини хориждан олиб келиш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва озуқа-хашак маҳсулотларини етказиб бериш каби йўналишларни қамраб олган.

«Бугунги кунга қадар ўндан ортиқ тадбиркоримиз лойиҳа доирасида 2,5 миллиард сўмдан ортиқ грант маблағларини ўзлаштиришга эришди. Ҳозирда чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича яна ўндан ортиқ янги лойиҳани киритишга тайёргарлик кўряпмиз», – деди Нукус туманидаги «Qoniratbay Mexri» фермер хўжалиги рахбари Айтмуратов Генжабой.

Унинг таъкидлашича, семинардан мақсад фермерларга мавжуд молиявий кўмак механизмларини тушунтириш, техника ва технологиялардан фойдаланиш орқали маҳсулот таннархини камайтириш ҳамда сифатини оширишга кўмаклашишдан иборат.

Тадбирда мутахассис лойиҳанинг асосий шартларини ҳам тушунтирди. Унга кўра, кичик хўжаликлар 100 минг еврогача кредит олиши мумкин. Кредит йиллик 10 фоиз ставкада, 10 йилгача муддатга ажратилади, имтиёзли давр эса 3 йилгача. Маблағлар чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, озуқа етиштириш ва маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишларига сарфланиши мумкин.

Лойиҳада тадбиркорнинг ўз улуши ҳам назарда тутилган. У лойиҳа умумий қийматининг 30 фоизини ташкил этиши керак. Бунда мавжуд бино-иншоотлар, техника ва бошқа активлар ҳам ўз ҳиссаси сифатида ҳисобга олиниши мумкин. Лойиҳа доирасида ажратилган молиявий ресурслар тўртта ҳамкор банк – «Микрокредитбанк», «Халқ банки», «Бизнесни ривожлантириш банки» ва «Hamkorbank» орқали тадбиркорларга тақдим этилади. Аризачилар кредит олиш учун зарур ҳужжатларни ушбу банкларга топширади, банклар эса уларни ўрганиб чиқади.

Тақдимотдан кейин иштирокчиларни энг кўп қизиқтирган масала грант миқдори бўлди. Хусусан, 100 минг евро кредит олган тадбиркорга қанча грант ажратилиши мумкинлигига ойдинлик киритилди.

«Грант миқдори тадбиркорнинг тоифасига боғлиқ. Умумий тартибда кредит суммасининг 30 фоизигача, хотин-қизлар ва 24 ёшгача бўлган ёш тадбиркорлар учун эса 40 фоизигача грант ажратилади. Грант кредит маблағлари белгиланган мақсадда ишлатилгани текширилгандан кейин берилади», – деди лойиҳа мутахассиси.

Шунингдек, иштирокчилар кредитни олиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилиниши, гаров масаласи ва ўз улушини қандай шаклда киритиш мумкинлиги билан қизиқди.

«Тадбиркор ўз улушини фақат нақд пул шаклида киритиши шарт эмас. Агар хўжалигида лойиҳани амалга оширишга хизмат қиладиган бино-иншоотлар, техника ёки бошқа активлар бўлса, улар ҳам ҳисобга олиниши мумкин», – дея тушунтирди мутахассис.

Семинарда ҳамкор тижорат банклари вакиллари ҳам иштирок этиб, кредит ва грант олиш учун ҳужжатларни тайёрлаш тартиби, талаблар ва молиялаштириш шартлари юзасидан тушунтириш берди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.