Замон билан ҳамқадам чорвачилик: қашқадарёлик фермерлар имтиёзли кредит ва грантлар ҳақида маълумот олдилар

Чоп этилди 27.10.2026

Қишлоқ хўжалигида замонавий билим ва технологиялардан фойдаланиш, янги имкониятларни ўз фаолиятига татбиқ этиш бугунги фермер ва тадбиркорлар олдида турган муҳим вазифалардан. Айниқса, чорвачиликда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳсулотларни қайта ишлашни йўлга қўйишда молиявий кўмак зарур бўлади.

Шу мақсадда Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги ПҚ-84-сон қарорига мувофиқ, Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида белгиланган талабларга жавоб берадиган хўжаликларга имтиёзли кредитлар ажратиш, шунингдек, айрим лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш учун грант маблағларини тақдим этиш кўзда тутилган.

Мана шундай имкониятлар билан тадбиркор ва фермерларни яқиндан таништириш мақсадида 27 октябрь куни Қашқадарё вилоятидаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида вилоятда фаолият юритаётган чорвачиликка ихтисослашган хўжаликлар, тегишли ташкилотлар ва тижорат банклари масъул ходимлари иштирокида тақдимот ташкил этилди. Унда лойиҳа шартлари, кредит ажратиш тартиби ва грант маблағларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтининг Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Қашқадарё илмий-тажриба станцияси директори қ.х.ф. номзоди, катта илмий ходим Бойбулов Бурхон Шодиевичнинг таъкидлашича, бундай учрашувлар фермер ва тадбиркорларни соҳага оид янги имкониятлардан хабардор қилишда муҳим аҳамиятга эга.

«Сўнгги йилларда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги учрашувда фермер ва тадбиркорлар имтиёзли кредитлар ҳамда улардан фойдаланиш шартлари билан танишишди. Бундай мулоқотлар керак, чунки ҳар бир фермер мавжуд имкониятлардан хабардор бўлса, ўз хўжалигини ривожлантириш учун тўғри қарор қабул қилиши осонлашади. Имкониятдан тўғри фойдаланса, маҳсулдорлик ошади, гўшт, сут ва тухум етиштириш кўпаяди. Бунинг натижасида аҳоли дастурхонига ҳам кўпроқ сифатли маҳсулот етиб боради», — дейди Бойболов Бурхон Шодиевич.

Тақдимот ёш мутахассислар учун ҳам янги имкониятлар билан танишиш майдонига айланди. Қарши давлат техника университетининг чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш йўналиши тўртинчи босқич талабаси Яхшинов Асилбек лойиҳа доирасида тақдим этилаётган имкониятлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бугунги анжуманда чорвачиликни ривожлантириш ва маҳсулотларни қайта ишлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳақида маълумот олдик. Келажакда сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ўз фаолиятимизни йўлга қўйишда бу имкониятлар қўо келади. Шунингдек, йирик ва майда шохли чорвачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликни ривожлантириш учун ҳам кредит олиш мумкинлигини билиб олдик. Бу каби имкониятлар биз, ёш мутахассисларга, келажакда ўз ишимизни бошлаш ва ривожлантириш учун яхшигина туртки беради», — дейди талаба.

Лойиҳа орқали фермер ва тадбиркорлар хўжалигини кенгайтириши, маҳсулотларни қайта ишлашни йўлга қўйиши ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши мумкин. Бу эса чорвачилик маҳсулотлари кўпайиши, янги иш ўринлари очилиши ва қишлоқ аҳолисининг даромади ошишига олиб келади. Энг муҳими, бозорда сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари кўпайиб, истеъмолчилар учун танлов кенгаяди.