6 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни моялаштириш” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 13 январдаги ПҚ-84-сон қарорига мувофиқ амалга оширилаётган мазкур йирик лойиҳа 2022-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади. Умумий бюджети 147 миллион еврони ташкил этган бу лойиҳа доирасида йирик ва майда шоҳли қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик, гўшт ва сутни қайта ишлаш ҳамда ем-хашак ишлаб чиқариш соҳалари молиялаштирилади. Шунингдек, экотизимга алоҳида эътибор қаратилиб, ресурстежамкор технологиялар, қуёш энергетикаси ва биогаз қурилмалари ўрнатиш қўллаб-қувватланади.

Самарқанд вилояти чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Одилхон Бақоев лойиҳа доирасида яратилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталар экан, унинг аҳамиятини қуйидагича изоҳлади:
— Франция тараққиёт агентлиги иштирокида бериладиган маблағларнинг имтиёзлари фермерларимизга маъқул келди. Кредитларнинг 10 фоизлик ставкада, 3 йиллик имтиёзли давр билан берилиши, бундан ташқари, олинган маблағнинг 40 фоизи субсидия тариқасида тадбиркорнинг ўзига қайтариб берилиши жуда катта имкониятдир. Фермерларимиз бу маблағлар ҳисобидан чорва ва парранда бош сонини кўпайтириш орқали халқимизни сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича ўзларига тегишли хулоса чиқарадилар деб ўйлайман.
Шунингдек, мутахассислар томонидан молиялаштиришнинг техник жиҳатлари ва кредит линиялари ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Маълум қилинишича, маблағлар икки асосий йўналиш бўйича тақсимланади. Биринчи линия йирик ва кластер лойиҳалар учун (бир лойиҳага 1 миллион еврогача), иккинчи линия эса кичик ҳамда оилавий хўжаликлар учун (100 минг еврогача) мўлжалланган.

Амалий тажриба: “Етти Хазина” кластери мисолида
Тадбирда сўзга чиққанлар тадбиркорларга амалий намуналарни ҳам кўрсатишди. Хусусан, 25 йиллик тажрибага эга бўлган, Ўзбекистонда паррандачилик соҳасининг етакчиси – “Етти Хазина” кластерининг фаолияти таништирилди.
Тўртта корхонани ўз ичига олган ва тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга бўлган ушбу корхона ФТА линияси орқали кредит олиб муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда кластер йилига 120 миллион дона тухум, 65 миллион дона инкубация тухум, 50 миллион бош суткалик жўжа ва 50 минг тонна ем ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда маҳсулотлар Қатар, Афғонистон ва МДҲ давлатларига экспорт ҳам қилинмоқда. Уч йил кетма-кет (2022–2024) Ўзбекистоннинг “Энг яхши паррандачилик фабрикаси” деб топилган ушбу корхона бугунги кунга келиб Марказий Осиёнинг йирик минтақавий хабига айланиб улгурган.
Шунингдек, тадбирда ҳамкор банклар вакиллари томонидан кредитларнинг ажратилиш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди. Хусусан, мазкур молиявий ресурслар республиканинг Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда Ҳамкорбанк орқали йўналтирилиши маълум қилинди.
Самарқанд вилояти чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси вакили Усмон Шаропов тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, шундай деди:
— Биз тадбирга туманимиздаги чорвачилик ва паррандачиликка қизиқувчи бир қатор фермерларни олиб келдик. Суҳбат жуда қизғин ўтди. Тадбиркорларимиз кредитларни расмийлаштириш тартиблари бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан аниқ жавоб олишди. Мазкур маблағлар ҳисобидан хориждан юқори маҳсулдор наслли қорамол ва паррандаларни олиб келишни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Ўтказилган мулоқот молиявий маблағлардан фойдаланиш йўлларини очиб бериш билан бирга, соҳага замонавий технологияларни олиб киришнинг аниқ йўналишларини белгилаб берди. Эндиликда чорвадорлар нафақат имтиёзли кредитлар, балки ишни илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш бўйича ҳам аниқ ечимларга эга бўлишди.