Жорий йилнинг 6 июль куни Навоий шаҳрида вилоят фермерлари учун ҳудудий семинар ташкил этилди. Эслатиб ўтамиз, мазкур ташаббус Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) кўмагида муваффақиятли татбиқ этилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Семинар маҳаллий фермерларни молиялаштириш имкониятлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, уларга имтиёзли кредит ҳамда грант маблағларини жалб қилиш йўлларини амалиётда ўргатиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни мустақил равишда молиявий режалаштириш ва аризаларни тўғри тайёрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.
Тадбир давомида Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи, Фермерлар кенгаши, ҳамкор банклар ва соҳавий уюшмалар вакиллари Навоий вилояти фермерлари билан бевосита мулоқот қилиб, уларга лойиҳа талабларига мос аризалар тайёрлаш бўйича зарур тавсияларни бердилар. Иштирокчилар аввал ушбу лойиҳа доирасида молиялаштиришни қўлга киритиб, ўз хўжалигини ривожлантирган фермерларнинг ҳаққоний тажрибаси ва дуч келган қийинчиликлари ечимларини таҳлил қилдилар. Ҳамкор банклар мутахассислари эса кредит ва грант олишда йўл қўйиладиган одатий хатоларни аниқ мисоллар асосида тушунтириб беришди.
Семинарнинг амалий қисмида фермерлар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда, ўз лойиҳаларининг дастлабки концепцияларини мустақил ишлаб чиқишди ва молиявий ҳисоб-китобларини амалга оширишди. Ишчи гуруҳлар томонидан тайёрланган ушбу лойиҳа тақдимотлари банк ходимлари томонидан жойида эксперт баҳолашдан ўтказилди ва лойиҳаларни янада такомиллаштириш ҳамда аризаларни муваффақиятли топшириш бўйича якуний тавсиялар берилди.