2026 йил 7 июль куни Жиззах шаҳрида Чорвачилик ва яйловларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги кўмагида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда фермерлар, Фермерлар кенгаши вакиллари, ҳамкор банклар, соҳавий уюшмалар ҳамда Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади – фермерларнинг молиялаштириш имкониятлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, кредит ва грантлар олиш учун аризалар тайёрлаш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ҳамкор банклар ва соҳавий уюшмалар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Семинар доирасида бир нечта сессиялар ташкил этилди. Биринчи сессияда ҳамкор банклар ва лойиҳа гуруҳи вакиллари томонидан молиялаштириш маблағларини жалб қилиш механизмлари, қарз олувчиларга қўйиладиган талаблар ва ариза топширишда кўп учрайдиган хатолар ҳақида маълумот берилди. Иккинчи сессияда лойиҳа бенефициарлари – фермерлар ўз амалий тажрибалари, юзага келган қийинчиликлар ва эришилган натижалар билан ўртоқлашди.
Кичик танаффусидан сўнг учинчи сессияда иштирокчилар учун амалий машғулот ташкил этилиб, лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш, ариза тузилмасини тайёрлаш ва дастлабки молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича кўникмалар шакллантирилди. Тўртинчи сессияда ишчи гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳамкор банклар вакиллари томонидан лойиҳалар эксперт баҳоланди ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Семинар иштирокчилар учун, аввало, ўз лойиҳаларини банклар талабларига мослаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар олиш, аризаларда кенг тарқалган хатоларни реал мисоллар асосида кўриб чиқиш ва уларни бартараф этиш йўлларини ўрганиш, шунингдек, ҳар бир фермернинг шахсий лойиҳаси юзасидан экспертлардан индивидуал маслаҳат ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар олиш имконияти билан фойдали бўлди.