15 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида семинар ўтказилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти фермер ва тадбиркорларига имтиёзли кредитлаш шартлари, маблағлардан фойдаланиш йўналишлари ҳамда Европа Иттифоқи ҳисобидан 40 минг еврогача қайтарилмайдиган грант олиш имкониятлари тақдим этилди.
Лойиҳанинг биринчи кредит линияси доирасида ўрта ва йирик хўжаликларга 1 млн еврогача, иккинчи кредит линияси орқали эса кичик фермер ва тадбиркорларга 100 минг еврогача кредит ажратиш кўзда тутилган. Инвестицион кредитлар йиллик 10 фоиз ставкада, 10 йилгача муддатга ва 3 йилгача имтиёзли давр билан берилади.

Кредит линияси мутахассиси Умирбек Абдуллаевнинг маълум қилишича, 100 минг еврогача кредит олган ва белгиланган талабларга жавоб берувчи тадбиркорлар Европа Иттифоқи ҳисобидан кредит суммасининг 30 фоизигача қайтарилмайдиган грант олиш ҳуқуқига эга. Қўшимча мезонларга мос келувчи айрим тоифалар учун бу кўрсаткич 40 фоизгача оширилади.
Грант олиш учун тадбиркор:

Кредит маблағлари қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, ем-хашак етиштириш ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашга йўналтирилади. Шунингдек, замонавий ускуналар харид қилиш, қуёш панеллари ўрнатиш, суғориш тизимларини яхшилаш ва эски техникаларни янгилаш ҳам молиялаштирилади.
Грант кредит олинган заҳоти эмас, балки маблағнинг мақсадли ишлатилгани текширилгандан сўнг ажратилади. Йирик ва майда шохли чорва молларини бевосита сотиб олиш учун грант берилмайди.
Молиялаштириш Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки ва Ҳамкорбанк орқали амалга оширилади.

Семинарда фермерлар гаров мулкини баҳолаш ва лойиҳа қийматининг 30 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантириш масалаларини кўтарди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тадбиркорнинг мавжуд бино ва иншоотлари, техникаси ҳамда бошқа активлари ҳам ўз улуши сифатида ҳисобга олиниши мумкин. Гаров таъминоти бўйича якуний қарор эса банклар томонидан қабул қилинади.
Маълумот учун, лойиҳанинг умумий қиймати 147 млн еврони ташкил этади. Шундан 100 млн евро Франция тараққиёт агентлиги маблағлари ҳисобига тўғри келади. Европа Иттифоқи томонидан эса қўшимча 11,5 млн евро грант маблағлари ажратилган.
Мазкур лойиҳа фермерларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, чорвачиликка замонавий технологияларни жалб қилиш ва соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган.