Франция депутатлари делегацияси ҳамда Франция тараққиёт агентлигининг (ФТА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари Паркент туманидаги «PARKENT NURLI TONG» МЧЖ га ташриф буюриб, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Суткасига 100 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ушбу замонавий корхона аҳолига сифатли ва хавфсиз сут, қатиқ, қаймоқ ҳамда сметана каби маҳсулотларни етказиб бермоқда.
Корхона ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва айланма маблағларини шакллантириш мақсадида ФТА нинг «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасидаги имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 10,4 миллиард сўм бўлиб, шундан 4 миллиард сўми (364,8 минг евро эквивалентида) ФТА ҳисобидан йўналтирилган. Ажратилган сармоя ҳисобидан корхона хомашё базасини мустаҳкамлади ва мавжуд қувватларни тўлиқ сафарбар қилишга эришди.
Ҳозирги кунда корхонада сутни қабул қилиш, қайта ишлаш, сифатини лабораторияда текшириш ва қадоқлашнинг тўлиқ технологик занжири йўлга қўйилган. Ишлаб чиқариш жараёнида маҳсулот хавфсизлиги ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилади. Ички бозордаги талабдан келиб чиққан ҳолда, корхона томонидан маҳсулот турларини янада кенгайтириш ва сифат кўрсаткичларини доимий ошириб боришга эътибор қаратилмоқда.
Делегация аъзолари ишлаб чиқариш жараёнидаги сифат назорати ва ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ижобий баҳолади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни бундай қўллаб-қувватлаш натижасида ҳудудларда қайта ишлаш тармоқлари янада мустаҳкамланиб, истеъмолчиларга сифатли маҳсулотлар етказиб бериш кўлами кенгаяди.