Бугунги кунда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги нафақат мамлакат иқтисодиётининг устуни, балки глобал иқлим ўзгаришларига мослашиш ва технологик янгиланишлар марказига айланмоқда. Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фермерларимизга ҳосилдорликни ошириш билан бирга, халқаро бозорларда ҳам ўз ўрнини топиш имконини бермоқда. Бироқ бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш йўлида маълум тўсиқлар ҳам йўқ эмас.
Экологик муаммолар ва иқлим ўзгаришларига мослашиш
Ўзбекистон фермерлари сув танқислиги, тупроқнинг шўрланиши ва эрозияси каби экологик муаммоларга дуч келмоқда. Бу борадаги асосий тўсиқлардан бири эса аграр секторда янги технологияларни ўзлаштириш ва амалиётда қўллаш кўникмаларининг етишмаслигидир. Бу тўсиқни бартараф этиш максадида интерактив машғулотлар ўтказилиб, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ва сунъий интеллектни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, органик маҳсулот етиштириш соҳасида фермерларнинг малакасини ошириш, Global G.A.P., Halal, GAEP каби халқаро стандартлар бўйича тажриба ва ҳуқуқий асосларни ўргатиш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда.
Энергия ва сув тежамкорлиги
Охирги беш йил ичида иқлим ўзгариши сабабли экин экиш графиклари ва экин турларини танлашда катта ўзгаришлар юз берди. Эндиликда «яшил» технологиялар — томчилатиб суғориш, лазерли ер текислаш ва гидропоника каби усуллар Ўзбекистон учун «олтин стандарт»га айланди.
Инновациялар фақат сув билан чекланиб қолмай, муқобил энергия манбаларига ҳам кўчмоқда. Чекка ҳудудлардаги суғориш тизимларида қуёш ва шамол генераторларидан фойдаланиш жадаллашмоқда. Рақамлар ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди: 2026 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 92 мингта фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг катта қисми айнан шундай ресурстежамкор технологияларни жорий эта бошлаган.
Иқтисодий самарадорлик ва экспорт
Кўпчиликни бир савол қизиқтиради: бу технологиялар ўзини неча йилда қоплайди? Ҳисоб-китобларга кўра:
Бундан ташқари, экологик технологиялар экспорт бозорларига чиқиш учун асосий калит ҳисобланади. Халқаро сертификатларга эга бўлган маҳсулотлар жаҳон бозорида юқори баҳоланади ва рақобатбардош бўла олади.
Рақамли ечимлар ва илмий таҳлил
Бугунги фермер фақат кетмон билан эмас, балки илм билан ҳам қуролланган бўлиши керак. Тупроқ ва сувнинг кимёвий таркибини таҳлил қилиш, минерал ўғитлар ўрнига органик ўғитлардан фойдаланиш одатий ҳолга айланмоқда. Шунингдек, агромониторинг учун мобил иловалар ва тупроқ намлигини ўлчайдиган датчиклардан фойдаланиш босқичма-босқич кенгаймоқда.
Янги қонунчилик ва кооперация
Кичик фермер хўжаликларининг имкониятларини бирлаштириш мақсадида 2024 йил 8 ноябрь куни «Қишлоқ хўжалиги кооперативлари тўғрисида»ги Қонун имзоланди (2025 йил 12 февралдан кучга кирган). Бу қонун кичик фермерларга бирлашиб, йирик кредитлар олиш, сувни тозалаш тизимлари ёки қайта ишлаш корхоналарини биргаликда барпо этиш имконини беради.
ФТА лойиҳасининг роли
ФТА лойиҳаси молиявий кўмакни илғор билимлар билан уйғунлаштирган ҳолда, фермерларга банк талабларига мос профессионал бизнес-режалар ишлаб чиқишда кўмак бермоқда. Бундай ёндашув инновацион «яшил» лойиҳаларни банклар учун хавфсиз ва истиқболли инвестиция активи сифатида кўрсатиш имконини беради.
Бюджети чекланган, лекин ўз хўжалигини барқарор қилмоқчи бўлган фермерларга мутахассислар грант маблағлари ва қайтарилмайдиган субсидиялардан бошлашни тавсия этмоқдалар.
Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ хўжалигида жорий этилаётган «яшил» технологиялар, рақамли ечимлар ва халқаро стандартлар соҳанинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширмоқда.
Манба: Ўзбекистон фермерлари кенгаши