Ўзбекистон чорвачилик соҳаси бугунги кунда глобал иқлим ўзгаришлари, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурати ва барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш каби долзарб вазифалар билан юзлашмоқда. Ушбу йўналишдаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) кўмагида, 2022–2026 йилларга мўлжалланган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш лойиҳаси» амалга оширилмоқда. Беш йил давомида мамлакатимизда чорвачиликни янада барқарор, иқлимга мос ва экологик жиҳатдан фойдали қилиб ривожлантириш кўзда тутилган. Лойиҳа Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олган бўлса-да, айниқса, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим бўлган ва иқлим ўзгаришларининг таъсири сезилаётган Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё ҳамда Қорақалпоғистон каби вилоятларга устувор эътибор қаратилмоқда.
«Яшил» чорвачилик — экологик ва иқтисодий зарурат
Анъанавий чорвачилик усулларини сақлаб қолиш бугунги кунда сув ресурсларининг тугаши ва маҳсулдорликнинг пасайиши каби хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли «яшил» чорвачиликка ўтиш нафақат экологик, балки кечиктириб бўлмас иқтисодий заруратга айланди. Лойиҳа доирасида паст маҳсулдорлик, эски технологиялар ва яйловлардан самарасиз фойдаланиш каби муаммоларга чек қўйиш мақсад қилинган. Бунинг учун хўжаликларда яйловларни тўғри бошқариш, сув тежовчи технологиялар ва биогаз қурилмалари каби замонавий «эко-технологиялар» изчил жорий этилмоқда.
«Ҳозирги шароитда анъанавий чорвачиликдан «яшил» моделларга ўтиш фермерларимийнинг келажакдаги даромади ва ресурсларини сақлаб қолишнинг ягона йўлидир. Биз нафақат табиатни асраймиз, балки халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулот яратиш учун замин ҳозирлаймиз», — дея таъкидлайди Грант дастури координатори Жўрабек Норқулов.
Молиявий қўллаб-қувватлаш ва амалий натижалар
Экологик усулларга ўтиш фермерлардан муайян инвестицияларни талаб қилса-да, лойиҳа доирасида имтиёзли кредитлар, давлат кафолатлари ва субсидиялар орқали молиявий юклама сезиларли даражада камайтирилмоқда. ФТА стандартларининг жорий этилиши маҳсулот сифати ва хавфсизлигини халқаро талаблар даражасига кўтаради. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун экспорт имкониятларини кенгайтириб, халқаро инвесторларнинг ишончини оширади. Амалий натижалар аллақачон ўз мевасини бера бошлади: замонавий озуқа базаси ва генетик яхшилаш ишлари туфайли сут ва гўшт етиштириш самарадорлиги ошди, иқлимга мос ҳайвонлар зоти кўпайтирилиб, насли яхшиланди. Энг муҳими, ҳайвонлар ўлими камайиб, фермерларнинг даромади барқарор ўсиб бормоқда.
Инновациялар ва келажакка назар
Инновацион ёндашувларни ҳаётга татбиқ этишда маҳаллий мутахассислар ва фермерларни ўқитиш муҳим бўғин ҳисобланади. Бу жараён тренинглар, семинарлар ва демонстрацион хўжаликлар орқали амалга оширилиб, унга халқаро экспертлар ҳам фаол жалб этилмоқда. Фермерлар иқтисодий самарадорлик ва амалий натижаларни ўз кўзлари билан кўрганлари сари янги ёндашувларни янада тезроқ ва қизиқиш билан қабул қилишмоқда. Лойиҳа иқлимга мос технологияларни, жумладан, иссиқликка чидамли зотларни ривожлантириш, сув тежовчи усулларни қўллаш ва озуқа базасини диверсификация қилишни жорий этиш орқали соҳанинг аномал иссиқликка чидамлилигини ва умумий барқарорлигини оширмоқда.
«Биз интилаётган идеал фермер хўжалиги замонавий технологиялар ва рақамли бошқарув тизимлари билан жиҳозланган, ресурслардан самарали фойдаланувчи ҳамда экологик талабларга тўлиқ жавоб берувчи юқори рентабелли тизимдир. Ўн йилдан сўнг Ўзбекистон чорвачилиги айнан шундай барқарор ва рақобатбардош қиёфада бўлишига ишонамиз — дейди Грант дастури координатори Жўрабек Норқулов.
Келажакда Ўзбекистондаги идеал фермер хўжалиги ресурслардан самарали фойдаланувчи, юқори маҳсулдор ва бозорга тўлиқ интеграциялашган бўлиши кутилмоқда. Ушбу ташаббуслар нафақат гўшт ва сут маҳсулотлари тақчиллигини олдини олади, балки бутун соҳани иқлим ўзгариши даврида барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқади.