Нима учун барқарор ривожланиш ФТА нинг узоқ муддатли стратегик асосига айланди?

Чоп этилди 19.02.2026

Бугунги кунда барқарор ривожланиш халқаро инвестиция сиёсатининг бош мезони ҳисобланади. Иқлимий, ижтимоий ва иқтисодий глобал синовлар даврида лойиҳаларнинг узоқ муддатли самарадорлиги тараққиёт институтлари учун энг асосий устуворликка айланди. Айнан шу сабабли, барқарорлик тамойили Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) стратегик ҳужжатлари ва амалий фаолиятида молиялаштиришнинг тизимли принсипи сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаган.

Халқаро мажбуриятларга содиқлик

ФТА барқарор ривожланишни 2025-2030-йилларга мўлжалланган стратегиясининг тамал тоши этиб белгилади. Агентлик фаолияти БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда халқаро иқлимий мажбуриятларга, жумладан Париж келишувига тўлиқ ҳамоҳангдир. Бу эса молиялаштирилаётган ҳар бир лойиҳа бир вақтнинг ўзида иқтисодий юксалиш, ижтимоий фаровонлик ва экологик хавфсизликни таъминлаши шартлигини англатади.

Глобал чақириқларга стратегик муносабат

Барқарорлик тамойилларига бўлган эътибор иқлим ўзгариши, табиий ресурсларнинг камайиши, ижтимоий тенгсизлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби глобал таҳдидларга нисбатан тизимли муносабат билдириш зарурати билан боғлиқ. Фақатгина иқтисодий кўрсаткичларга асосланган анъанавий ривожланиш моделлари узоқ муддатли истиқболда кутилган натижаларни таъминлашда оқсаётгани ва кутилган натижани бермаётганини кўрсатмоқда. Шу боис, комплекс ёндашув тизимли хатарларни олдиндан баҳолаш ва миллий иқтисодиётларнинг ташқи таъсирларга нисбатан чидамлилигини ошириш имконини беради.

Иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатларнинг интеграциялашуви

ФТА барқарор ривожланишни инфратузилмавий инвестициялар, атроф-муҳит муҳофазаси ва ижтимоий барқарорликни ўзида мужассам этган яхлит тараққиёт модели сифатида талқин этади. Мазкур стратегик ёндашув ҳамкор мамлакатларда нафақат ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишни, балки мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий тизимлар ҳамда самарали бошқарув асосларини шакллантиришни ҳам кўзда тутади.

Инвестицияларнинг узоқ муддатли самарадорлиги

Барқарорлик тамойилларига йўналтирилган лойиҳалар юқори ҳаётийлик даражаси, минимал экологик юк ва кенг ижтимоий қамров билан тавсифланади. Ушбу омиллар ажратилаётган маблағларнинг маҳсулдорлигини ошириш баробарида, инвестиция хатарларини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.

Шу тариқа барқарор ривожланиш ФТА халқаро фаолиятининг стратегик пойдевори ҳисобланиб, узоқ истиқболли ва барқарор тараққиёт натижаларини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.