Жиззах вилоятида чорвачилик тармоғининг бугунги ҳолати ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир давомида соҳани замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва илғор тажрибаларни татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари хорижий инвестицияларни жалб этишнинг стратегик аҳамиятини, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтиришдаги ўрнини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, фермерлар учун ўз фаолиятида инновацион ечимларни ўзлаштириш борасида очилаётган кенг имкониятлар кўриб чиқилди. Анжуман давомида инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришга жаҳоннинг илғор тажрибаларини интеграция қилиш масалалари юзасидан қизғин фикр алмашилди.
Дастурнинг амалий қисми доирасида Шароф Рашидов туманидаги “Чақмоқ” фермер хўжалигига ташриф буюрилди. Мазкур хўжалик чорвачиликнинг кундалик жараёнларига юқори технологияларни муваффақиятли ва самарали жорий этишнинг намунаси сифатида кўрсатилди.
Бундай ёндашув соҳани ривожлантириш нафақат иқтисодий юксалиш омили, балки ҳудудларда ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишнинг муҳим воситаси сифатида баҳоланмоқда.