Самарқандда чорвачиликни барқарор ривожлантириш лойиҳаси бўйича пресс-тур ўтказилди

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан Франция тараққиёт агентлиги (ФТA) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида медиа-тур бўлиб ўтди. Иштирокчиларга дастурни амалга ошириш натижалари ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмлари тақдим этилди.

Умумий қиймати 147,1 миллион евро бўлган лойиҳа 2022-2026-йилларга мўлжалланган бўлиб, замонавий технологиялар ва ресурсларни тежайдиган ечимларни жорий этган ҳолда соҳани модернизация қилишга қаратилган. “Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, хўжаликларни иқлим ўзгаришларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дастур доирасида тадбиркорларга молиявий қўллаб-қувватлаш воситалари, жумладан, кредитлар бўйича қисман кафилликлар тақдим этилади. Бугунги кунга қадар 26 та субектга 8,8 млрд сўмлик кафиллик берилган. Белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда лойиҳа ишга туширилгандан сўнг кредит маблағларининг бир қисмини қоплаш механизми ҳам кўзда тутилган.

Амалга ошириш бошланганидан буён 321 та сублойиҳа молиялаштирилди. 3085 та янги иш ўрни яратилди, шундан 825 таси аёллар учун. 249 та қишлоқ хўжалиги техникаси, 11 минг бошдан зиёд қўй ва эчки, 5 минг бош қорамол, 3,5 миллион бошдан ортиқ парранда харид қилинди. Сутни қайта ишлаш ва озуқа ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологик линиялар ишга туширилди.

Аёллар бандлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аёлларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, барқарор даромад олиш ва ижтимоий ҳимояланиш имконини берувчи “ижтимоий лифт” модели ҳудудларда жорий этилмоқда.

Медиа-тур давомида иштирокчилар Самарқанд вилоятида балиқчилик, паррандачилик ва чорвачилик йўналишларида лойиҳаларни амалга ошираётган корхоналарда бўлишди.

Манба