Чорвачиликда “яшил” иқтисодиётга ўтиш нафақат табиатга зарар етказмайдиган усулларни қўллашни, балки узоқ муддатли сармояларга эга бўлишни ҳам тақозо этади. Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) кўмагидаги “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси айнан шу мақсадга хизмат қилади. Ажратилаётган маблағлар хўжаликларни замонавийлаштириш, экологик зарарни камайтириш ва соҳа барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган.
Маблағ ажратишда лойиҳанинг иқтисодий фойдаси, экологик масъулияти ва бошқарувнинг шаффофлиги асосий мезон ҳисобланади. Хўш, кредит олиш эҳтимолини қандай қилиб янада ошириш мумкин? Ҳамкор банклар тажрибасидан келиб чиқиб, аризаларни кўриб чиқишда эътибор бериладиган муҳим жиҳатларни жамладик.
Кредит олиш эҳтимолини оширувчи омиллар:
Ижобий кредит тарихининг мавжудлиги қарз олувчи томонидан молиявий мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишини тасдиқловчи асосий омиллардан бири сифатида қаралади. Шу билан бирга, тўлов қобилияти ва молиявий ҳолатнинг барқарорлиги, жумладан, жорий фаолиятдан олинадиган доимий даромад мавжудлиги ҳам баҳоланади.
Етарли гаров таъминоти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда бозор қиймати бўйича сотилиши мумкин бўлган ликвидли активларга, яъни кўчмас мулк объектлари ва транспорт воситаларига устунлик берилади. Таъминот миқдори кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни қоплаши лозим.
Лойиҳанинг сифат даражасига алоҳида эътибор қаратилади. Тақдим этилаётган бизнес-режа иқтисодий жиҳатдан пухта асосланган, ҳаётий ва кутилаётган пул оқимларини аниқ акс эттириши лозим. Молиявий ҳисоботларнинг шаффофлиги эса хўжаликнинг ҳолатини холисона баҳолаш имконини беради ва кредит ажратиш бўйича қарор қабул қилишдаги ноаниқликларни камайтиради.
Чорвачилик соҳасида етарли тажрибага эгалик, шунингдек, чорва молларини сақлаш ва ем-хашак базасини яратиш учун зарур ер майдонларининг мавжудлиги лойиҳанинг амалда муваффақият қозонишидан ҳамда ишлаб чиқариш моделининг барқарорлигидан далолат беради.
Лойиҳанинг кредит линияси талабларига, жумладан, модернизация ва барқарор ривожланиш мезонларига мос келиши молиялаштириш имкониятини сезиларли даражада оширади. Бу нафақат кредит олиш, балки хўжаликни узоқ муддатли ривожлантириш учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади.
Тизимли ёндашув — муваффақиятли молиялаштириш асоси
Шундай қилиб, ФТА лойиҳаси доирасида кредит олиш имкониятини ошириш нафақат гаров таъминотига, балки лойиҳанинг ҳар томонлама пухта тайёрланганига ҳам боғлиқ. Молиявий интизом, очиқ-ошкора ҳисоботлар, реал иқтисодий модел ва экологик стандартларга риоя қилиш қарз олувчининг ишончли қиёфасини шакллантиради.
Бундай ёндашув инвестицияларнинг узоқ муддатли самарадорлигини таъминлаш, иқлим билан боғлиқ хатарларни камайтириш ва чорвачилик тармоғининг барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ФТА тамойилларига тўла мос келади.