Жорий йилнинг 4 март куни Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳани ривожлантиришга оид қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир давомида лойиҳанинг асосий йўналишлари, тадбиркорларга кўрсатилаётган молиявий кўмак механизмлари ҳамда уни амалга оширишнинг жорий босқичида эришилган натижалар тақдимот қилинди. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Умумий қиймати 100,0 миллион еврони ташкил этувчи ушбу стратегик лойиҳа 2022–2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг бош мақсади чорвачилик тармоғини илғор технологиялар асосида модернизация қилиш, маҳсулдорликни ошириш ҳамда иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат.
Лойиҳа доирасида тадбиркорларга миллий валюта эквивалентида 100 минг еврогача бўлган маблағлар 10 йил муддатга (3 йиллик имтиёзли давр билан) тақдим этилмоқда. Қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим воситаларидан бири грант тизими бўлиб, унга кўра, лойиҳа ишга туширилганидан сўнг олинган кредит суммасининг 30 фоизигача бўлган қисми тадбиркорга грант сифатида қайтариб берилади. Шунингдек, лойиҳа ташаббускори бўлган аёллар ва 24 ёшгача бўлган тадбиркор ёшлар учун қўшимча имтиёзлар кўзда тутилган бўлиб, улар учун жами грант миқдори кредит суммасининг 40 фоизигача етиши мумкин.

Ажратилаётган грант маблағлари чорвачилик соҳасидаги «яшил» лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган. Бунда гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш, юқори сифатли озуқа ишлаб чиқариш, интенсив балиқчиликни ривожлантириш ҳамда энергия тежовчи технологиялар асосида замонавий чорвачилик ва паррандачилик мажмуаларини қуриш каби йўналишлар устувор аҳамиятга эга. Шунингдек, асаларичиликни ривожлантириш, қуёш панеллари ва томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Матбуот анжуманида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Ҳозирги кунга қадар 321 та кичик лойиҳа молиялаштирилиб, бунинг натижасида 3 085 та янги иш ўрни яратилиб, 825 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 1 256 нафар мутахассис, шу жумладан, 243 нафар раҳбар ва 1 013 нафар ветеринар халқаро стандартлар асосида малака оширди.
Ветеринария соҳасига ҳайвонлар касалликларини масофадан кузатиш (онлайн-мониторинг) имконини берувчи замонавий тизим жорий этилди. Ушбу технология бутун мамлакат бўйлаб эпизоотик ҳолатни реал вақт режимида кузатиш ва юзага келиши мумкин бўлган хавфларга тезкорлик билан чора кўриш имконини беради. Мазкур лойиҳа нафақат тадбиркорлик фаоллигини ошириш, балки хотин-қизларни бизнесга жалб қилишнинг муҳим ижтимоий механизми бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай тизимли ёндашув ҳудудларда янги иш ўринлари ва аҳоли учун доимий даромад манбаларини яратишга замин яратмоқда.