Чорвачилик соҳасидаги аёл ва ёш тадбиркорлар 40% гача грантлар билан қўллаб-қувватланади

Чоп этилди 25.02.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳа ривожига оид қарорлари ижроси доирасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳасининг янги имкониятлари Фарғонада ўтказилган медиатур давомида кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Тадбирда аёл ва ёш тадбиркорлар учун яратилаётган молиявий рағбатлантириш механизмларига алоҳида урғу берилди.

Умумий қиймати 147.1 миллион евро бўлган ушбу стратегик лойиҳа 2022-2026-йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг бош мақсади чорвачиликни илғор технологиялар асосида модернизация қилиш, маҳсулдорликни кескин ошириш ва иқлим ўзгаришига мослашган “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат. Лойиҳа доирасида чорвачилик йўналишидаги тадбиркорларга миллий валюта эквивалентида 100 минг еврогача молиявий ресурслар, 10 йилгача бўлган узоқ муддатга ва 3 йиллик имтиёзли давр билан тақдим этилмоқда.

Лойиҳа ўзининг энг муҳим ва инновацион жиҳати – грант тизими билан ажралиб туради. Лойиҳа ишга тушганидан сўнг, олинган кредит суммасининг 30 фоизигача бўлган қисми тадбиркорларга грант сифатида қайтариб берилади. Энг диққатга сазовор томони шундаки, агар лойиҳа ташаббускори аёл ёки 24 ёшдан ошмаган эркак киши бўлса, уларга қўшимча 10 фоиз, яъни кредитнинг жами 40 фоизи миқдорида грант ажратилади.

Грант маблағлари кенг қамровли “яшил” лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган. Хусусан, сут ва гўштни қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш, сифатли озуқа емлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, интенсив балиқчиликни ривожлантириш, замонавий молхоналар ва товуқхоналар қуриш (айниқса, энергия самарадорлигини оширувчи ёғоч материаллардан фойдаланган ҳолда), паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш каби йўналишлар устувор ҳисобланади. Шунингдек, қуёш панеллари ўрнатиш, томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш каби “яшил” инвестицияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Лойиҳа раҳбари Олег Ли, ушбу лойиҳанинг мақсади чорва сонини кўпайтиришдан ташқари, иқлимга мослашган, ресурс тежамкор ва юқори даромадли чорвачилик моделини яратиш эканини таъкидлади. У ёшлар ва аёллар учун 40 фоизгача грант бизнесда янги имкониятлар очишини қайд этиб, шу кунгача 26 субъектга 8.8 миллиард сўмлик кафиллик ажратилганини айтди.

Лойиҳа ўз фаолияти давомида аллақачон сезиларли натижаларга эришди. Ҳозирги кунга қадар 321 та суб-лойиҳа молиялаштирилди ва 3 085 та янги иш ўрни яратилди, 825 та аёлнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, соҳада фаолият юритувчи 1 256 нафар мутахассис (243 нафар раҳбар ва 1013 нафар дала ветеринари) халқаро стандартлар асосида малака ошириш курсларида ўқитилди.

Шунингдек, ветеринария соҳасида илк бор касалликларни реал вақт режимида (online) назорат қилиш имконини берувчи тизим яратилди. Бу тизим республика бўйлаб эпизоотик вазиятни марказлашган ҳолда кузатиш ва хавфли касалликларга тезкор жавоб қайтариш механизмни шакллантирди.

Ушбу лойиҳа аёллар бандлигини таъминлашда муҳим “ижтимоий лифт” вазифасини ўтаб, уй бекалари мақомидаги аёлларни расмий тадбиркорликка жалб этмоқда. Натижада, улар доимий иш ўрни, ижтимоий ҳимоя ва барқарор даромад манбаига эга бўлмоқда. Ҳар бир аёл тадбиркорнинг муваффақиятли фаолияти ҳудудда камида 3-5 та қўшимча иш ўрни яратилишига хизмат қилиши бу ташаббуснинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини янада оширади.