Бизнесни ривожлантириш банкининг ФТА билан ҳамкорлиги: чорвачиликда «яшил» молиялаштириш қандай ривожланмоқда?

Чоп этилди 08.04.2026

«Бизнесни ривожлантириш банки» Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) билан биргаликда «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Бундай ҳамкорлик тизимга узоқ муддатли ресурсларни жалб қилиш ва айниқса аграр тармоқда халқаро ESG стандартларини (экологик, ижтимоий ва бошқарув жиҳатлари) татбиқ этиш имконини беради.

Ўсиш ва барқарорлик асосий мезон

Банк чорвачиликни молиялаштириш масаласига шунчаки ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш деб эмас, балки анча кенг кўламли жараён сифатида ёндашмоқда. Бунда ресурслардан оқилона фойдаланиладиган, атроф-муҳитга юкламани камайтирадиган ва замонавий технологиялар жорий этилган лойиҳаларга асосий урғу берилади.

Балиқчилик ва қуёнчилик каби ихтисослашган йўналишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби тармоқлар камроқ ресурс талаб қилиши, сарфланган маблағнинг тезроқ қопланиши ва умуман аграр соҳани диверсификация қилишга ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.

Лойиҳаларнинг экологик жиҳатдан тозалиги қандай баҳоланади?

Сув ва энергияни тежаш, чиқиндиларни камайтириш ҳамда технологик ечимларни жорий этиш «яшил» лойиҳаларнинг асосий мезонлари ҳисобланади. Бунда банк шунчаки расмий кўрсаткичларга эмас, балки кутилаётган реал экологик натижага эътибор қаратади.

Мажбурий талаблар қаторига атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (ESIA), чиқиндилар ва сув ресурсларини бошқариш меъёрларига риоя қилиш, шунингдек, халқаро экологик ва ижтимоий стандартларга мувофиқлик киради.

Лойиҳаларнинг маҳаллий экотизимларга таъсири ҳам алоҳида ўрганилади. Масалан, балиқчилик йўналишида сув манбалари ва истеъмол ҳажми, тозалаш тизимлари ҳамда биохилма-хилликка бўлиши мумкин бўлган таъсирлар таҳлил қилинади.

Фермерларни қўллабқувватлаш ва маҳсулдорликни ошириш

Банк Франция тараққиёт агентлиги билан биргаликда мижозларга барча босқичларда — маслаҳат беришдан тортиб, соҳа экспертларини жалб қилишгача яқиндан кўмаклашади. Бундай ёндашув нафақат лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, балки уларнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Амалиёт шуни кўрсатадики, «яшил» технологияларни жорий этиш хўжаликлар иқтисодиётига бевосита ижобий таъсир қилади. Энергия тежовчи ечимлар ва сувни қайта айлантириш тизимлари харажатларни камайтириш баробарида фойдани ошириш имконини беради.

Тўсиқлар ва истиқбол режалар

Бугунги кунда фермерлар олдида турган асосий қийинчиликлардан бири соҳавий билимларнинг етишмаслиги ҳамда фаолиятни бошлаш учун зарур бўлган дастлабки сармоя масаласидир. Шунга қарамай, бозор жадал ривожланиб боргани сари, халқаро стандартларга мувофиқ иш юритиш энди шунчаки тавсия эмас, балки давр талабига айланмоқда.

Келгуси 3–5 йил ичида «яшил» агрокредитлаш тизимида катта юксалиш кутилмоқда. Бунда фермерлар томонидан талаб ортиб бориши билан бир қаторда, маҳсулот ва жараёнларнинг экологик тозалигига қўйиладиган талаблар ҳам тобора қатъийлашиб боради.